Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:20

[1] Эгамиз Шоҳдир, замин қувонсин, Денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин.

[2] Булутлар, зимзиё зулмат Унинг атрофини ўраган, Адолату ҳақиқат Унинг тахтига пойдевор бўлган.

[3] Эгамиз оловини Ўзидан олдин юборади, Олови ҳар тарафдаги душманларни ютади.

[4] Чақмоқлари оламни ёритади, Замин буни кўриб титрайди.

[5] Бутун оламнинг Раббийси олдида, Эгамиз олдида тоғлар мумдай эрийди.

[6] Самолар эълон қилади Унинг адолатини, Жамики халқлар кўради Унинг улуғворлигини.

[7] Бутларга сажда қилувчилар, Беҳуда санамлари ила мақтанувчилар Шарманда бўлади. Барча худолар Эгамизга таъзим қилади.

[8] Эй Эгам! Сенинг адолатингдан Яҳудо шаҳарлари шод бўлади, Қуддус эшитиб, қувонади.

[9] Эй Эгам, ер юзидаги буюк ҳукмдор Сенсан, Ҳамма худолардан Сен юксалгансан.

[10] Эй Эгамизни севганлар! Ёмонликдан нафратланинг. У тақводорларининг жонларини Ўзи асрайди, Фосиқларнинг қўлидан уларни халос этади.

[11] Солиҳларга нур сочилгай, Юраги поклар узра шодлик ёйилгай.

[12] Эй солиҳлар, Эгамиз туфайли шодланинг, Унинг муқаддас номини олқишланг!

Забур — Chapters