[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
[2] Бахтлидир бечорани ўйлайдиганлар, Кулфатда қолганларида Эгамиз уларни қутқаради.
[3] Эгамиз уларни ҳимоя қилади, ҳаётини асрайди, Улар юртдаги бахтлилардан ҳисобланади, Эгамиз уларни душманлари ихтиёрига топширмайди.
[4] Тўшакка михланиб қолса, Эгамиз парвариш қилади, Хасталигига Эгамиз шифо беради.
[5] Шундай илтижо қилдим Сенга: “Эй Эгам, шафқат қил менга, Гуноҳ қилдим Сенга, шифо бергин.”
[6] Душманларим ёвуз ният ила шундай дейди: “Қачон ўлар экан у, номи ҳам қачон ўчаркан?”
[7] Улар мени кўргани келганда, Ёлғон–яшиқ гапларни гапиради. Юракларида эса фисқу фасод тугиб, Ташқарига чиқади–да, Ҳамма жойда ёйиб юради.
[8] Мендан нафратланганларнинг ҳаммаси Менга зарар беришни режа қилишади, Бирлашиб, мен ҳақимда пичир–пичир қилишади:
[9] “Оғир хасталикка чалинган у, Тўшагидан қайтиб тура олмайди.”
[10] Ҳатто нонимни еган яқин, ишонган дўстим, Менга қарши бош кўтарган.
[11] Сен эса, эй Эгам, менга раҳм қил, Мени оёққа турғаз. Қилмишларига яраша душманларимга қайтарай.
[12] Душманларим устимдан ғолиб келмаса, Мендан мамнун бўлганингни биламан.
[13] Тўғрилигим учун мени сақлайсан, Ҳузурингда то абад мени ўтқазасан.
[14] Олқишлар бўлсин абадулабад Исроил халқининг Худоси — Эгамизга! Омин! Омин!