Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:02

[1] Сулаймон саноси. Эй Худо, шоҳга адолатингни бергин, Шоҳ ўғлига тўғри ҳукм чиқаришни ўргатгин.

[2] Сенинг халқингни у адолат ила ҳукм этсин, Бечораларни у тўғрилик билан ҳукм этсин.

[3] Тоғлар халққа роҳат–фароғат олиб келсин, Тепаликлар ҳақиқат самарасини келтирсин.

[4] Шоҳ халқнинг қашшоқларини ҳимоя қилсин, Бечораларнинг болаларига нажот берсин, Золимларни эзиб ташласин.

[5] Насллар оша қуёшу ой самода тургандай, Унинг умри ҳам шунчалик узоқ бўлсин!

[6] Шоҳимиз ўхшасин ўрилган далага, Ёққан ҳузурбахш ёмғирга, Ерни суғорган шаррос ёмғирга.

[7] Унинг даврида солиҳ яшнасин, Дунё тургунча мўл–кўлчилик бўлсин.

[8] У бир денгиздан иккинчисига қадар, Фурот дарёсидан тортиб, Ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қилади.

[9] Шоҳ олдида чўл қабилалари тиз чўксин, Унинг душманлари тупроқ яласин.

[10] Денгиз ортидаги юртларнинг шоҳлари, Таршиш шоҳлари унга ўлпон олиб келсинлар. Шава ҳамда Саво шоҳлари Унга ҳадялар келтирсинлар.

[11] Ҳамма шоҳлар унга таъзим айласин, Ҳамма халқлар унга хизмат қилсин.

[12] Мазлум нола қилганда, шоҳ нажот беради, Мададкори йўқ бечорани у қутқаради.

[13] Заиф, бечорага у шафқат кўрсатади, Мазлумларнинг ҳаётини сақлайди.

[14] Мазлумларни жабр–зулмдан халос қилади, Мазлумлар қони унинг назарида азиздир.

[15] Шоҳнинг умри узоқ бўлсин! Шаванинг олтини уники бўлсин, Халқ доимо у учун ибодат қилсин, Кун бўйи дуо қилиб, Худодан барака тиласин.

[16] Юртда дон мўл–кўл бўлсин, Тепаликлар устида дон бошоқлари чайқалиб турсин. Лубнон тоғларида бўлгани каби, ҳосили унумли бўлсин. Даладаги гиёҳлар каби, шаҳарлари одамга тўлсин.

[17] Шоҳнинг номи мангу яшасин, Унинг донғи қуёш тургунча бор бўлсин, Барча халқлар у орқали барака топсин, Халқлар уни, бахтиёр, деб айтсин.

[18] Исроил халқининг Худоси — Эгамизга Олқишлар бўлсин. Ажойиб ишлар қиладиган ёлғиз Удир.

[19] Эгамизнинг улуғвор номига то абад олқишлар бўлсин, Бутун ер юзи Унинг шуҳрати билан тўлсин. Омин! Омин!

[20] Эссай ўғли Довуднинг ибодатлари ниҳоясига етди.

Забур — Chapters