[1] Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганда, Яҳудо юрти Худонинг муқаддас маскани бўлди. Ҳа, Ёқуб насли бегона юртдан кетганда, Исроил юрти Худонинг шоҳлиги бўлди.
[3] Денгиз Худони кўрди–ю, қочди, Иордан дарёси орқага қайтди.
[4] Тоғлар қўчқорлар каби сакради, Тепаликлар қўзилар каби ирғиди.
[5] Не бўлди, эй денгиз, қочиб кетдинг? Не бўлди, эй Иордан, орқага қайтдинг?
[6] Эй тоғлар, нечун сакрадингиз такалар каби? Эй тепаликлар, нечун ирғидингиз қўзилар каби?
[7] Титрагин, эй замин, Раббий олдида, Ёқубнинг Худоси ҳузурида.
[8] У қояни сув ҳовузига айлантирган, Қаттиқ қоядан булоқ чиқарган.
[9] Эй Эгам! Содиқ севгинг, садоқатинг ҳақи Сенга шарафлар бўлсин! Бизга эмас, Сенга шарафлар бўлсин!
[10] Нима учун бегона халқлар: “Қани уларнинг Худоси”, дея айтарлар?
[11] Бизнинг Худойимиз самолардадир, У истаганини қилаверади.
[12] Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан, Инсон қўлларининг маҳсулидир.
[13] Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар, Кўзлари бор, кўра олмаслар.
[14] Уларнинг қулоқлари бор, эшита олмаслар, Бурунлари бор, ҳидлай олмаслар.
[15] Уларнинг қўллари бор, сеза олмаслар, Оёқлари бор, юра олмаслар, Бўғизларидан овоз чиқара олмаслар.
[16] Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.
[17] Эй Исроил халқи! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
[18] Эй Ҳорун хонадони! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
[19] Эй Эгамиздан қўрққанлар! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
[20] Эгамиз бизни ёдда тутиб, барака беради, Исроил халқига У барака беради, Ҳорун хонадонига У барака беради.
[21] Эгамиз Ўзидан қўрққанларга барака беради, Каттаю кичикка бир хилда барака беради.
[22] Эгамиз сизларни, Болаларингизни кўпайтирсин.
[23] Еру осмонни яратган Эгамиз Сизларга барака берсин.
[24] Самолар Эгамизнинг самоларидир, Ерни эса У инсонларга бергандир.
[25] Ўлим сукунатига ботган марҳумлар Эгамизга ҳамду сано айтмаслар.
[26] Биз эса Эгамизга ҳозир ҳам, абадулабад Олқишлар айтамиз. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!