[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
[2] Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман, Шарманда бўлишимга асло йўл қўйма, Адолатлисан, мени қутқаргин.
[3] Қулоқ тут менга, дарров халос қилгин, Менинг паноҳ қоям бўлгин. Нажот топай, мустаҳкам қўрғоним бўлгин.
[4] Чиндан ҳам Сен суянган қоямсан, қалъамсан, Ўз номинг ҳақи мени етакла, йўл кўрсатгин.
[5] Сен менинг паноҳимсан. Қўйилган тузоқдан мени қутқаргин.
[6] Ҳаётимни Сенга топшираман, эй Эгам, Мени қутқарасан, эй содиқ Худо.
[7] Сохта худоларни иззатлаганларга Мен нафратимни сочаман. Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман.
[8] Содиқ севгинг ила шод–хуррам бўлай, Қайғуларимни Ўзинг кўргансан, Жоним азобда қолганини биласан.
[9] Мени ғаним қўлига бермадинг, Оёқларимни бехавотир ерга қўйдинг.
[10] Раҳм қил, эй Эгам, кулфатда қолдим, Кўзларим қайғудан толди, Жону танам адойи тамом бўлди.
[11] Ҳаётим азоб билан тугайди, Йилларим оҳ–воҳ билан битади. Гуноҳларим дастидан кучдан қолдим, Этларим суякларимга ёпишиб кетган.
[12] Душманларим мени ҳақорат қилади, Қўшниларим мендан ҳазар қилади. Дўстларим ҳам мендан қўрқади, Кўчада кўриб мени, қочиб кетади.
[13] Мени унутдилар, гўё ўлганман, Гўё синган сопол идиш кабиман.
[14] Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қилади, Атрофимни даҳшат ўраб олган. Биргаликда менга қарши фитна тўқишади, Мени ўлдирмоқни ният қилишади.
[15] Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман, “Менинг Худойим Сенсан”, деб айтаман.
[16] Ҳаётим Сенинг қўлингдадир, Ғанимларим қўлидан, Пайимга тушганлардан мени қутқаргин.
[17] Жамолинг мен, қулингга нурларини сочсин, Сен содиқсан, мени қутқаргин.
[18] Йўл қўйма, эй Эгам, шарманда бўлишимга, Мадад сўраб илтижо қилдим Сенга. Қабиҳлар шармандаи шармисор бўлсин, Ўликлар диёрига жим кириб борсин.
[19] Ўчсин уларнинг ёлғончи овозлари, Зеро, такаббурлик ва нафрат билан Улар солиҳга қарши сўйлар.
[20] О, нақадар буюкдир Сенинг эзгулигинг! Ўзингдан қўрққанларга уни сақлаб қўйгансан, Сенда паноҳ топганларга ҳадя қиласан, Ҳамманинг кўзи олдида инъом қиласан.
[21] Ҳузурингда уларни ҳимоя қиласан, Инсон фитналаридан омон сақлайсан. Уларни Ўз чодиринг остида Иғволардан сақлаб турасан.
[22] Қамалда қолган шаҳардай бўлганимда Менга ажойиб садоқатингни кўрсатганинг учун Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин!
[23] Ваҳимага тушиб мен: “Эй Эгам, Сенинг назарингдан маҳрум бўлдим”, дегандим. Ҳа, мадад сўраб Сенга ёлворганимда Илтижоларимни эшитдинг.
[24] Эй Эгамизнинг тақводорлари, Уни севинг! Унга содиқ бўлганларни Эгамиз ҳимоя қилади, Такаббурларга тўлиқ жазо беради.
[25] Бардам бўлинг, дадил бўлсин юрагингиз, Эй сиз, Эгамиздан умид қилганлар!