[1] Ижрочилар раҳбарига. Филист халқи Довудни Гат шаҳрида тутиб олгандан кейин, унинг айтган қўшиғи. “Узоқдаги жим кабутар” куйига айтилади.
[2] Шафқат қил менга, эй Худо, Одамлар мени таъқиб қилмоқда, Ғанимларим кун бўйи мени эзмоқда.
[3] Бўҳтончилар кун бўйи мени таъқиб қилади, Кўплари менга ҳужум қилади, эй Худойи Таоло!
[4] Қўрққанимда Сенга умид боғлайман.
[5] Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Сендан умид қиламан, қўрқмайман, Банданг менга не қила олади?!
[6] Ғанимларим ҳар доим гапимни бузиб кўрсатади, Менга зарар етказмоқ учун фитналар қилади.
[7] Ёвуз ниятда ортимдан писиб келади, Ҳар бир қадамимни ўлчаб юради, Улар ҳаётимга чек қўйишни истайди.
[8] Жиноятлари учун уларни улоқтир, Эй Худо, ғазабинг ила уларни ерга ур!
[9] Сен қайғуларимни ҳисобга олгансан, Кўз ёшларимни идишингга солиб йиғиб қўйгин. Ахир, уларнинг ҳар бири китобингда ёзилган–ку!
[10] Сенга илтижо қилган куним Душманларим ортга чекинади. Ҳа, биламан, Сен мен томонда.
[11] Эй Худо, каломингни мадҳ этаман, Ҳа, Эгам, Сенинг каломингни мен мадҳ этаман.
[12] Сендан умид қиламан, қўрқмайман, Банданг менга не қила олади?!
[13] Эй Худо, Сенга берган онтимни бажармоғим шарт, Шукрона назрларимни Сенга атайман.
[14] Жонимни ўлимдан қутқариб қолдинг, Оёғимни қоқилишдан сақладинг. Шу боис, эй Худо, Сенинг олдингда, Ҳаёт нурида юраман.