Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:36

[1] Севинч ила Эгамизга қўшиқ куйланг, эй солиҳлар! Унга ҳамду сано айтмоқ покдил инсонларга муносибдир!

[2] Лира чалиб, Эгамизга ҳамдлар айтинг, Ўн торли арфа чалиб, Унга қўшиқ куйланг.

[3] Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг, Маҳорат ила тор чалиб, шодликдан ҳайқиринг.

[4] Эгамизнинг каломи ҳақиқатдир, Унинг барча ишлари ишончлидир.

[5] Эгамиз адолату ҳақиқатни севади, Замин Унинг содиқ севгисига тўла.

[6] Самолар бунёд бўлган Эгамизнинг каломидан, Самодаги жисмлар яралган Унинг нафасидан.

[7] У денгиз сувларини йиғиб қўйган, Тубсиз сувларни гўё омборга жойлаб қўйган.

[8] Бутун ер юзи Эгамиздан қўрқсин, Бутун олам аҳли Ундан ҳайиқсин.

[9] У гапирди, айтгани мавжуд бўлди, Амр қилди, замин яратилди.

[10] Эгамиз халқларнинг режаларини пароканда қилади, У халқларнинг ниятларини пучга чиқаради.

[11] Эгамизнинг режалари то абад собит туради, Унинг ниятлари наслдан наслга ўтиб боради.

[12] Эгамизни ўз Худоси деб билган халқ бахтлидир! Эгамиз, азизим деб танлаган халқ бахтлидир!

[13] Эгамиз самодан боқар, Инсон зотини У кўриб турар.

[14] У тахт қурган жойидан туриб, Ҳамма ер юзида яшовчиларни кузатар.

[15] У ҳамманинг юрагини яратган, Ҳамманинг ишларини англаган.

[16] Лашкари кўплигидан шоҳ қутулмайди, Кучи кўплигидан жангчи ғолиб бўлавермайди.

[17] “Жанг отлари нажот берар” дейиш пуч хаёлдир, Улар қудратли кучи билан қутқара олмайди.

[18] Эгамиз кўриб турар Ўзидан қўрққанларни, Унинг содиқ севгисига умид қилганларни.

[19] Эгамиз уларни ўлимдан қутқаради, Очликдан сақлаб, тирик қолдиради.

[20] Жонимиз Эгамизга мунтазирдир, У бизнинг мададкоримиз, қалқонимиздир.

[21] Биз Муқаддас Худога умид боғлаймиз, У туфайли юрагимиз шодликка тўла.

[22] Эй Эгам! Сенга ҳамон умид боғлаймиз, Содиқ севгинг бизга ёр бўлсин.

Забур — Chapters