[1] Эй Худойим, Шоҳим! Сени улуғлайман! То абад Сенинг номингни олқишлайман!
[2] Ҳар куни Сени олқишлайман, Сенга то абад ҳамду сано айтаман.
[3] Эгамиз буюкдир, мадҳ этилсин янада, Ақл етмас Унинг буюклигига.
[4] Эй Эгам, бир насл бошқасига мақтар ишларингни, Улар эълон қилар қудратли ишларингни.
[5] Улар шонли дабдабангни, улуғворлигингни сўйлайдилар, Мен эса ажойиб мўъжизаларинг ҳақида ўйлайман.
[6] Одамлар қўрқинчли ишларинг қудрати ҳақида айтадилар, Мен эса буюклигингни эълон қилгайман.
[7] Инсонлар чексиз эзгулигингни хотирлаб, гапираверадилар. Адолатингни улар севинч ила куйлайдилар.
[8] Эгамиз иноятли, раҳмдилдир, Жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир.
[9] Эгамиз ҳар кимсага ҳиммат қилар, Яратганларининг ҳар бирига шафқат айлар.
[10] Эй Эгам, жамики яратганларинг Сенга шукур айтар, Жамики тақводорларинг Сенга олқишлар куйлар.
[11] Салтанатинг шуҳратини улар ҳикоя қилар, Сенинг қудратинг ҳақида улар сўйлаб юрар.
[12] Ҳаммани қудратли ишларингдан, Салтанатинг шуҳратию дабдабасидан хабардор қилар.
[13] Сенинг салтанатинг абадий шоҳликдир, Ҳукмронлигинг насллар оша давом этар.
[14] Йиқилаётганларга Эгамиз таянч бўлади, Икки букилганларнинг қаддини ростлайди.
[15] Эй Эгам, ҳамманинг кўзи умид билан Сенга тикилар, Ўз пайтида уларнинг ризқини берасан.
[16] Сен қўлингни очиб, Жамики жонзотнинг истагини қондирасан.
[17] Эгамиз ҳамма йўлларида адолат қилар, Ҳамма ишларида севгисини кўрсатар.
[18] Эгамиз Ўзига ёлворганларнинг ёнидадир, Чин дилдан илтижо қилганларнинг ёнидадир.
[19] Ундан қўрққанларнинг тилагини Эгамиз қондирар, Уларнинг ноласини эшитиб, уларга нажот берар.
[20] Эгамиз Ўзини севувчиларни асрайди, Ҳамма фосиқларни қириб ташлайди.
[21] Эгамизнинг ҳамду саноси доимо тилимда бўлади, Жамики жонзот Унинг муқаддас номини то абад олқишлайди.