[1] Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган тўй қўшиғи. Кўрах наслининг қасидаси.
[2] Шоҳимга шеърларимни бағишлайман, Юрагимдан гўзал сўзлар тўкилади, Тилим моҳир котиб қаламига ўхшайди.
[3] Эй шоҳим! Инсонлар орасида жуда чиройлисан. Худо сенга то абад барака бергани учун Лабларингдан латиф сўзлар ёғилади.
[4] Эй қудратли шоҳ, белингга боғла қиличингни, Ҳашамату улуғворлигинг билан зоҳир бўлгин.
[5] Улуғворлик билан олға бос! Ҳақиқат, камтарлик, адолат учун ғалаба қил! Ўнг қўлинг қўрқинчли ишлар кўрсатсин.
[6] Ғанимларингнинг юрагини Ўткир ўқларинг тешиб ўтади. Халқлар оёғинг остига йиқилади.
[7] Худо берган тахтинг абадийдир, Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.
[8] Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан. Шу боис Худо сени дўстларингдан устун қилди, Ҳа, Худойинг шодлик мойини сенга суртди.
[9] Либосингдан мирра, алоэ ва долчиннинг Хушбўй ҳидлари уфурар. Фил суяги билан безатилган саройларда Чолғу наволари сени шод қилар.
[10] Шоҳ қизлари иззатли хонимларинг орасидадир, Офир олтинига безанган малика ўнг қўлингда ўтирар.
[11] Тингла, эй қиз, қулоқ солиб, ўйлагин, Халқинг, отанг хонадонин унутгин.
[12] Жамолингга шоҳ мафтун бўлгандир, Таъзим қил унга, у хўжайинингдир.
[13] Тир халқи ҳадялар олиб келади, Бойлар сендан марҳамат истайди.
[14] Саройда малика нақадар гўзал! Либослари олтин билан безатилган.
[15] Нақшли либосида уни шоҳ ҳузурига олиб келишади, Ортидан қизлар, унинг дугоналари эргашиб келади.
[16] Улар шод–хуррамлик ичра келади, Шоҳнинг саройига улар кириб келади.
[17] Эй шоҳим, ўғилларинг олгайлар оталаринг ўрнини, Бутун юртда шаҳзодалар қилгайсан сен уларни.
[18] Қўшиғим туфайли номинг насллар оша яшар, Шу боис халқлар сени то абад мадҳ этарлар.