[1] Кўрах наслининг саноси. Қўшиқ.
[2] Эгамиз буюкдир! Эгамиз Ўз шаҳрида, Ҳа, Ўзининг муқаддас тоғида Мадҳияларга лойиқдир!
[3] Худонинг муқаддас тоғи юксак ва гўзалдир, Бутун ер юзига шодлик олиб келадир! Буюк Шоҳнинг шаҳридаги, Унинг шимолидаги Сион тоғи!
[4] Худо Қуддуснинг қўрғони ичида туради, Унинг қалъаси бўлиб, Ўзини намоён этган.
[5] Шоҳлар тўпландилар, Биргалашиб Сион тоғига қарши юрдилар.
[6] Уни кўрдилар–у, шошиб қолдилар, Ваҳимага тушиб, қочиб қолдилар.
[7] Туғаётган хотин тортгандай дард Ўша ерда уларни титроқ босди.
[8] Шарқдан шамол эсиб, Таршиш кемаларини парчалагандай, Сен уларни қириб ташладинг.
[9] Худо нима қилганини биз эшитдик. Нима эшитган бўлсак, энди ўшани Худойимиз, Сарвари Оламнинг шаҳрида кўрдик. Бу шаҳарни Худо то абад сақлар.
[10] Эй Худо, Маъбадинг ичида Содиқ севгинг ҳақида ўйлаймиз.
[11] Эй Худо, мадҳинг ҳам донғинг каби, Ернинг тўрт томонига ёйилган, Ўнг қўлинг адолат ила тўлиб–тошган.
[12] Сенинг ҳукмларингдан Сион тоғи шод бўлсин, Яҳудо шаҳарлари севинсин!
[13] Эй Исроил халқи, Қуддус теварагида юринг. Атрофида айланиб, Унинг минораларини санаб чиқинг.
[14] Сионнинг истеҳкомларига эътибор беринг, Унинг қўрғонларига қаранг! Буларни кўриб, келгуси авлодларга ҳикоя қилинг:
[15] “Худо ўша истеҳкомларга ўхшайди. У то абад бизнинг Худойимиздир, У то абад бизнинг йўлбошчимиз бўлади.”