Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:23

[1] Юрагимни очаман Сенга, эй Эгам!

[2] Сенга умид боғлайман, эй Худойим! Шарманда бўлишимга йўл қўймагин, Душманларим мендан устун келмасин.

[3] Сенга ишонганлар асло бўлмасин шарманда. Шармандалик келсин Сенга асоссиз хиёнат қилганларнинг бошига.

[4] Эй Эгам, йўлларингни менга кўрсат, Сўқмоқларингни менга ўргат.

[5] Ўзинг мени бошлаб боргин, Ҳақиқатингни менга ўргатгин, Нажоткорим Худо Ўзингсан, Кун бўйи Сендан умид қиламан.

[6] Ёдингда тут, эй Эгам, буюк шафқатингни Ҳамда севгида содиқлигингни. Ахир, азалдан Сен шундай қилгансан.

[7] Ёшликда қилган гуноҳларимни эсга олмагин, Итоатсизликларим учун мени жазоламагин. Содиқ севгинг ҳақи ёдга ол мени, Ахир, Сен яхшисан, эй Эгам!

[8] Эгамиз яхши, адолатлидир! У гуноҳкорларга йўл–йўриқ кўрсатади.

[9] У камтарни тўғриликка бошлайди, Камтарин инсонни Ўз йўлига ўргатади.

[10] Эгамиз қилган ҳар иши орқали Унинг аҳдига риоя қилганларга Севгисию садоқатини кўрсатади.

[11] Менинг айбларим кўп. Эй Эгам, Ўз номинг ҳақи Айбларимни кечиргин.

[12] Агарда инсон Эгамиздан қўрқса, Эгамиз унга тўғри йўл танлашни ўргатади.

[13] Ўша инсон умрини фаровонликда ўтказади, Унинг насли юртни мулк қилиб олади.

[14] Эгамиз Ундан қўрқадиганларга Ўз ниятларини ишониб билдиради, Ўз аҳдини уларга маълум қилади.

[15] Нигоҳим доимо Эгам томондадир, У оёқларимни тузоқдан халос қилади.

[16] Эй Эгам, ҳолимга боқ, меҳрибонлик қил. Мен ёлғизман, тушкунликка тушганман.

[17] Юракдаги ғамларим ортиб бормоқда, Шу кулфатдан мени қутқаргин.

[18] Кулфату ғамларимни кўриб, Барча гуноҳларимдан ўтгин.

[19] Қара, душманларим нақадар кўп, Мендан қаттиқ нафрат қиларлар.

[20] Ҳаётимни асра, қутқаргин мени, Шармандали аҳволга солмагин мени, Зотан, Сенда паноҳ топаман мен.

[21] Ҳаққонийлик, тўғрилик сақласин мени, Зотан, Сендан умид қиламан мен.

[22] Эй Худо, қутқаргин Исроилни Жамики кулфатларидан!

Забур — Chapters