[1] Нега қутуради халқлар?! Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!
[2] Замин шоҳлари Эгамизга Ва У танлаган шоҳга қарши саф тортадилар. Ҳукмдорлар фитна қўзғаб, шундай дейдилар:
[3] “Синдирайлик улар солган кишанларни, Олиб ташлайлик бўйнимиздан сиртмоқларни.”
[4] Самода ҳукмрон бўлган Раббий эса Уларни масхаралаб, устидан кулади.
[5] Раббий ғазаб билан уларни огоҳ этади, Қаҳрини сочиб, ваҳимага солиб айтади:
[6] “Мен Сионга, Ўзимнинг муқаддас тепалигимга Ўз шоҳимни жойлаштирдим.”
[7] Эгамизнинг сўзларини шоҳ эълон қилмоқда: “Эгамиз менга шундай деди: «Сен Менинг ўғлимсан, Бугун Мен сенга ота бўлдим.
[8] Тила, халқларни сенга мулк қилиб бераман, Ернинг тўрт томони сеники бўлади.
[9] Темир хивчин ила уларни уриб эзасан, Сопол кўзани синдиргандай уларни парчалайсан.»”
[10] Эй шоҳлар! Энди ақл билан иш қилинг. Эй замин ҳукмдорлари! Огоҳ бўлинг.
[11] Қўрқув ила Эгамизга сажда қилинг! Ваҳима ила тавба қилинг!
[12] Унинг ўғлига таъзим қилинг, Бўлмаса У ғазабланади, Йўлингизда йўқ бўлиб кетасиз, Унинг ғазаби тез аланга олади. Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар!