[1] Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.
[2] Нажот бергин бизга, эй Эгам! Тақводор бир инсон қолмади, Сенга содиқ инсон йўқ бўлиб кетди.
[3] Ҳамма бир–бирига ёлғон сўзлайди, Хушомадгўйлик билан бир–бирини алдайди.
[4] Хушомадгўй тилларни Эгамиз кесиб ташласин, Мақтанчоқ оғизларни У қириб ташласин.
[5] Ахир, улар: “Оғзимиз билан эришамиз ҳар нарсага, Тилимиз ўзимизники, ким хўжайин бизга?!” деб айтади.
[6] Эгамиз айтмоқда: “Муҳтож эзилиб кетди, Бечора нола қилди. Энди қўзғаламан, Ўзлари интилган нажотга етказаман.”
[7] Эгамизнинг ваъдалари ғоятда покдир, Унинг сўзлари ўчоқда Етти карра тозаланган кумушга ўхшайди.
[8] Ҳар тарафда қабиҳлар дайдиб юради, Ҳар ёқда одамлар ёмонликни мақтаб юради. Эй Эгам! Булардан бизларни сақлагайсан, То абад бу наслдан бизни ҳимоя қилгайсан.