[1] Довуд Абумалек олдида ўзини телбаликка солиб, унинг ҳузуридан қувилгандан кейин айтган саноси.
[2] Ҳар доим Эгамни олқишлайман, Унинг мадҳи тилимдан асло тушмайди.
[3] Эгам боис жоним фахрланади, Мазлум эшитиб, шод бўлсин.
[4] Мен билан бирга олқишланг Эгамни, Биргаликда улуғлайлик Унинг номини.
[5] Эгамга юз бурдим, У жавоб берди, Ҳамма қўрқувлардан У халос қилди.
[6] Эгамиздан умид қилганларнинг юзларида нур, Уларнинг юзлари асло шувут бўлмайди.
[7] Бу бечора илтижосин Эгамиз эшитди, Барча уқубатлардан уни қутқарди.
[8] Эгамиздан қўрққанларнинг атрофида Эгамизнинг фариштаси қароргоҳ қуриб, Уларга нажот бахш этади.
[9] Эгамизнинг мурувватини татиб кўр, Эгамиз яхши эканлигини билиб ол. Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар.
[10] Эй тақводорлар, Эгамиздан қўрқинг. Ундан қўрққанлар асло муҳтожлик кўрмас.
[11] Ҳатто йиртқич шерлар овқатсиз, Улар очликдан азоб чекади. Эгамизга юз бурганлардан эса Фаровонлик айрилмайди.
[12] Келинг, эй болалар, тинглангиз мени, Ўргатайин мен Эгамиздан қўрқишни.
[13] Ҳаётдан завқланишни, Бахтли узоқ умр кўришни истайсизми?
[14] Демак, тилингизни ёмон сўзлардан тийинг, Оғзингизни ёлғон гаплардан асранг.
[15] Ёмонликдан қайтинг, яхшилик қилинг, Тинчлик истанг, ҳа, тинчлик пайида бўлинг.
[16] Эгамиз солиҳларни кузатиб туради, Уларнинг ноласини Эгамиз эшитади.
[17] Бадкирдорлардан эса юз ўгиради, Уларнинг хотирасини ер юзидан ўчиради.
[18] Тақводорлар ёлворади, Эгамиз эшитади, Барча балолардан уларни Эгамиз қутқаради.
[19] Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир, Руҳан эзилганларни У қутқаради.
[20] Солиҳларнинг қайғулари кўп бўлса, Ҳамма қайғулардан Эгамиз халос қилар.
[21] Уларнинг ўзини Эгамиз сақлайди, Биронта ҳам суяги синдирилмайди.
[22] Фосиққа ўз ёвузлиги ўлим келтиради, Солиҳдан нафратланган маҳкум бўлади.
[23] Эгамиз Ўз қулларининг ҳаётини қутқаради, Эгамизда паноҳ топувчилар маҳкум бўлмайди.