Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:04

[1] Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ, Оламу унда яшовчи жамики жонзот.

[2] У оламни ўрнатган денгизлар узра, Мустаҳкам қилган уни уммонлар узра.

[3] Ким туриши мумкин Эгамизнинг муқаддас маконида? Ким чиқиши мумкин Унинг тепалигига?

[4] Қўли ҳалол, қалби тоза инсонлар, Сохта нарсаларга кўнгил қўймаганлар, Ёлғондакам онт ичмаганлар.

[5] Эгамиз уларга барака беради, Нажоткор Худо уларни оқлайди.

[6] Эгамизга юз бурган жамоа ўшандайдир. Ҳа, Худога интилган Ёқуб насли шундайдир.

[7] Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар! Очилинглар, эй азалий эшиклар! Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

[8] У улуғвор Шоҳ ким экан? Жангларда ғолиб бўлган, Кучли, қудратли Эгамиз Шоҳдир!

[9] Қаддингизни ростланг, эй дарвозалар! Очилинглар, эй азалий эшиклар! Токи кира қолсин улуғвор Шоҳ!

[10] У улуғвор Шоҳ ким экан? Сарвари Оламнинг Ўзи улуғвор Шоҳдир.

Забур — Chapters