Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:17

[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.

[2] Мен Эгамизга умид боғладим, У менга юз бурди, фарёдимни эшитди.

[3] Мени балчиқ чуқурдан, Ботқоқликдан чиқариб олди. Эсон–омон мени қаттиқ ерга ўтқазди, Қадамларимни дадил қилди.

[4] У оғзимга янги бир қўшиқ солди, Бу қўшиқ Худойимизга мадҳиядир. Кўплар Унинг ишларини кўриб, қўрқади, Эгамизга умид боғлайди.

[5] Бахтлидир Эгамизга умид боғлаганлар, Киборларга суянмаганлар, Бутпарастлардан ёрдам кутмаганлар.

[6] Кўп мўъжизалар кўрсатдинг, эй Эгам Худо, Бизга қаратилган кўп ниятларингни бажардинг. Бирор зот Сенга тенг кела олмас, Оғиз очиб, мўъжизаларинг ҳақида айтсам, Нақадар кўплигини санай олмасдим.

[7] Сен қурбонлигу назрни истамадинг, Куйдириладиган қурбонлик ҳамда Гуноҳ қурбонлигини талаб қилмадинг, Итоат қилишим учун Сен қулоқларимни очдинг.

[8] Шунда дедимки: “Мана, мен келдим. Муқаддас битикларда мен ҳақимда ёзилган.

[9] Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан, Эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир.”

[10] Улуғ жамоанг ичра Нажотинг хушхабарини эълон қилганман. Ҳа, эй Эгам, Ўзинг биласан, Оғзимга бир нафас ҳам дам бермаганман.

[11] Қутқарганингни юрагимда яширмадим, Содиқлигинг, нажотингдан ҳар кимга сўйладим, Севгинг, садоқатингни буюк жамоангдан сир тутмадим.

[12] Эй Эгам, мендан шафқатингни дариғ тутмагин, Сенинг севгинг, садоқатинг мени то абад сақласин.

[13] Беҳисоб офатлар атрофимни ўради, Гуноҳларим ўзимнинг бошимга етди, Энди кўзларим кўра олмас, Гуноҳларим бошимдаги сочимдан кўпдир, Энди жасоратим тамоман сўнди.

[14] Эй Эгам, илтимос, менга нажот бер, Келгин тезда, эй Эгам, менга мадад бер.

[15] Жонимга қасд қилган ҳаммалар Шармандаю шармисор бўлсин! Ҳалокатимни истаганлар Уятга қолиб, орқага қайтсин!

[16] “Ҳолинг қалай энди?!” деб мени масхаралаганлар Шарманда бўлганидан ваҳимага тушсин.

[17] Сенга юз бурганларнинг ҳаммаси Сен туфайли севинч, шодликка тўлсин. Сенинг нажотингни севганлар: “Эгамиз юксалаверсин”, деб доим айтсин.

[18] Мен эса ғариб, бечораман, Эй Раббий, мен ҳақимда ўйлагин, Мададкорим, нажоткорим Ўзингсан, Кечикмагин, эй Худойим!

Забур — Chapters