[1] Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг қасидаси.
[2] Эй Худо, ўз қулоқларимиз ила эшитганмиз. Қадимда, ота–боболаримиз даврида Қилган ишларингни улар бизга айтган эди.
[3] Ўз қўлинг ила қувдинг бегона халқларни, Уларнинг юртига ўтқаздинг оталаримизни. Кулфатга солдинг бегона халқларни, Озод қилдинг Сен оталаримизни.
[4] Улар юртни қилич ила олмадилар, Ўз қўллари билан ғалабага эришмадилар. Улар Сенинг ўнг қўлинг, қудратинг, Сенинг юз нуринг ила ғолиб бўлдилар. Зеро, Сен улардан мамнун бўлгандинг.
[5] Сен Шоҳимсан, Худойимсан, Амр бер, Ёқуб насли ғолиб бўлсин.
[6] Сен туфайли душманларимизни йиқитамиз, Номинг ила ғанимларимизни эзамиз.
[7] Ишониб қолмасман мен ўз ёйимга, Қиличим ғалаба келтирмас менга.
[8] Ғанимларимиз устидан бизни ғолиб қилдинг, Биздан нафратланганларни шарманда қилдинг.
[9] Эй Худо, кун бўйи Сен туфайли мақтандик, То абад Сенга шукроналар айтамиз.
[10] Энди эса бизни рад қилиб, шарманда қилдинг, Лашкарларимизни бошлаб бормаяпсан.
[11] Бизни душманларимиз олдида чекинтирдинг, Ғанимларимиз бизни талон–тарож қилди.
[12] Бизни қўйлар каби емишга бердинг, Халқлар орасига бизни ёйиб юбординг.
[13] Халқингни қора чақага сотиб юбординг, Уларни сотишдан ҳеч наф кўрмадинг.
[14] Қўшни халқлар бизни масхара қилади, Сен йўл қўйиб бердинг. Атрофимиздагилар бизни ҳақоратлайди, Кулишларига имкон бердинг.
[15] Халқлар орасида кулги қилдинг бизни, Халқлар бизни масхаралаб, чайқайди бошини.
[16] Ҳар доим хижолат бўлиб юраман, Шармандалик юзимни қоплаган.
[17] Эшитганимиз масхараю ҳақорат! Кўрганимиз қасоскор душман!
[18] Гарчи Сени унутмаган бўлсак–да, Гарчи аҳдингга хиёнат қилмасак–да, Бу кўргиликлар бошимизга тушди.
[19] Биз Сени ҳеч қачон тарк этмадик, Сенинг йўлларингдан ҳеч қачон тоймадик.
[20] Аммо чиябўрилар маконига бизни ташладинг, Зимзиё зулматга бизни улоқтирдинг.
[21] Эй Худойимиз, ахир, Сенинг номингни унутсак, Қўлларимизни бегона худоларга очсак,
[22] Эй Худо, Сен буни билмасмидинг?! Ахир, Сен юракдаги сирларни биласан–ку!
[23] Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз, Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз.
[24] Турсанг–чи, нега ухлаётгандайсан, ё Раббий?! Қани, бўл, бизни то абад рад этмагин.
[25] Нега биздан юз ўгирасан?! Бошимизга тушган кулфату зулмни унутасан?!
[26] Биз ағнатилганмиз тупроққа, Танамиз ёпишиб қолгандир ерга.
[27] Қани, кел, бизга мадад бер, Содиқ севгинг ҳақи бизни қутқар.