[1] Эй Эгам, Сен қасоскор Худосан, Эй қасоскор Худо, нурингни соч!
[2] Қани, бўл, эй ер юзини ҳукм этгувчи, Мағрурларнинг жазосини бер.
[3] Қачонгача фосиқлар тантана қилар? Эй Эгам, қачонгача?
[4] Оғизларидан баландпарвоз сўзлар отилиб чиқяпти–ку! Ҳамма бадкирдорлар мақтаняпти–ку!
[5] Эй Эгам, улар халқингни эзяпти, Ўзинг танлаган элатингга зулм қиляпти.
[6] Бева, мусофирни улар ўлдиряпти, Етимларни йўқ қиляпти.
[7] Улар айтяпти: “Эгамиз кўрмас, Ёқубнинг Худоси эътибор бермас.”
[8] Тушуниб олинг, эй халқ орасидаги тентаклар. Қачон сизларга ақл кирар, эй аҳмоқлар?!
[9] Қулоқни яратган эшитмайдими?! Кўзни ато этган кўрмайдими?!
[10] Халқларга танбеҳ берувчи жазоламайдими?! Унинг Ўзи инсонга ўргатади–ку!
[11] Эгамиз инсоннинг ниятини англайди, Ниятларимиз беҳудалигини билади.
[12] Эй Эгам, бахтлидир Сенинг танбеҳингни олганлар, Бахтлидир Сенинг қонунингдан ўрганувчилар.
[13] Ёмон кунлардан уларни Сен омон сақлайсан. Фосиқ учун чуқур қазилгунча улар омон бўладилар.
[14] Эй Эгам, Ўз халқингни тарк этмайсан, Ўзинг танлаган элатингни ташлаб қўймайсан.
[15] Ҳукмнинг асоси яна адолат бўлади, Жамики покдиллар адолатни қўллаб–қуватлайди.
[16] Фосиқлардан ким мени ҳимоя қилади? Бадкирдорларга қарши ким мен томон бўлади?
[17] Эй Эгам, агарда Сен менга ёрдам бермаганингда, Менинг жоним тезда ўлим сукунатига чўкарди.
[18] “Оёқларим қоқилади”, деб ўйлаганимда, Эй Эгам, содиқ севгинг мени қўллади.
[19] Ичим хавотирга тўлиб кетганда, Сен берган тасалли менга қувонч келтирди.
[20] Золим ҳукмдорлар Худога шерик бўларми?! Ахир, улар фармонлари билан кулфат келтиради–ку!
[21] Улар солиҳларга қарши бирлашади, Гуноҳсизларни ўлимга маҳкум этади.
[22] Аммо Эгам менинг қалъамдир, Менинг паноҳ қоям Худодир.
[23] Фосиқлиги учун Эгамиз уларни қириб ташлайди, Гуноҳлари учун жазосини беради. Ҳа, Эгамиз Худо уларни илдизидан қуритади.