[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Бахтлидир Эгамиздан қўрқадиган одам, Унинг амрларини бажариб завқ оладиган одам!
[2] Бундай одамнинг авлоди юртда қудратли бўлади, Тўғри одамнинг насли барака топади.
[3] Унинг уйида мўлчилик, бойлик бўлади, Унинг солиҳлиги то абад давом этади.
[4] Ҳатто зулматда ҳам тўғри инсонга нур ёғилади, Раҳмдил, меҳрибон, солиҳ одамга ёғду сочилади.
[5] Яхши одам сахий, қарз беради, Адолат билан иш юритади.
[6] Солиҳ ҳеч қачон тебранмайди, У то абад унутилмайди.
[7] У ёмон хабардан қўрқмайди, Бутун юракдан Эгамизга умид боғлайди.
[8] Юраги барқарордир, қўрқув нималигини билмайди, Охири душманларининг мағлубиятини ўз кўзи билан кўради.
[9] Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди, Унинг солиҳлиги то абад давом этади. У қудратли, ҳурматли бўлади.
[10] Фосиқлар буни кўриб, ғазабга минади, Алам қилганидан тишларини ғичирлатади–ю, Аммо кучдан қолади. Ҳа, фосиқларнинг истаги пучга чиқади.