[1] Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг қасидаси.
[2] Кийик ирмоқ сувларини тусагандай, Эй Худо, жоним Сени шундай тусайди!
[3] Жоним ташна Худога, барҳаёт Худога, Қачон бориб, Унинг ҳузурида ҳозир бўламан?
[4] Туз тотмай кечаю кундуз кўз ёш тўкаман, “Қани Худойинг?” дея масхара қилар одамлар доим.
[5] Шодлик ҳайқириқларию ҳамду санолар остида Жамоа билан бирга Худонинг уйига борардим. Байрам нишонлагани оломон билан борардим. Шуларни эслаб, юрагим пора–пора бўлмоқда.
[6] Нега тушкунликка тушасан, эй жоним? Нега беҳаловат бўласан ичимда? Худога умид боғла! Шукур этаман Яна Унга — нажоткорим,
[7] Худойимга. Тушкунликка тушганман. Шу боис, эй Худо, Сени Иордан диёридан, Хермон тизмасидан, Мизор тоғидан туриб эслайман.
[8] Ўкираётган денгизлардай, Гувиллаётган шаршаралардай Сен юборган қайғу тўлқинлари Ўтгандилар устимдан босиб.
[9] Кундузи Эгам содиқ севгисини кўрсатади, Тунлари У менга қўшиқ беради, Менга умр берган Худога ибодат қиламан.
[10] Худога, суянган Қоямга айтаман: “Нега мени унутиб қўйдинг Сен?! Не учун ғамга ботиб юрмоғим керак Душманларим сиқуви сабабидан?!”
[11] Душманларим ҳақоратидан суякларим зирқирайди, Улар муттасил мендан: “Қани Худойинг?!” дея сўрайди.
[12] Нега тушкунликка тушасан, эй жоним? Нега беҳаловат бўласан ичимда? Худога умид боғла! Шукур этаман Яна Унга — нажоткорим, Худойимга.