Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 1:56

[1] Довуд Яҳудо чўлида бўлгандан кейин, унинг айтган саноси.

[2] Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга, Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай Жоним ташнадир Сенга, Вужудим орзуманддир Сенга.

[3] Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим, Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.

[4] Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг, Тилимдан тушмас Сенга мадҳия.

[5] Бир умр Сени олқишлайман, Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.

[6] Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади, Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.

[7] Ўрнимда ётиб ҳам, Сени эслайман, Сени ўйлаб, тунни қарши оламан.

[8] Ўзинг менинг мададкорим бўлдинг, Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.

[9] Сенинг ортингдан қолмай эргашаман, Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.

[10] Жонимнинг пайига тушганлар Ернинг қаърига тушиб йўқ бўлиб кетади.

[11] Улар қиличнинг дамига йўлиқади, Чиябўриларга ем бўлади.

[12] Шоҳ эса Худодан севинч топади, Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади, Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.

Забур — Chapters