[1] Эй Эгам, менга қарши чиққанларга Ўзинг қарши бўл. Менга ҳужум қилганлар билан Ўзинг жанг қил.
[2] Қалқону совутингни ол, Қани, менга ёрдамга кел.
[3] Мени таъқиб қилганларга қарши Найзаю болтангни олгин. “Сенга нажот бераман”, деб Ўзинг менга ваъда бергин.
[4] Менинг жонимга қасд қилганлар Шармандаю шармисор бўлсин! Менга қарши фитна қилаётганлар Уятга қолиб, орқага қайтсин!
[5] Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин. Ҳа, улар худди шамолда учган сомондай бўлсин.
[6] Қоронғи, сирпанчиқ бўлсин уларнинг йўли, Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин.
[7] Сабабсиз менга тузоқ қўйдилар, Мени тутиб олиб ўлдирмоқ учун Сабабсиз менга чуқур қазидилар.
[8] Тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келсин, Қўйган тузоғига ўзлари ўралиб қолсин, Қазиган чуқурга ўзлари йиқилиб, битсин.
[9] Шунда, эй Эгам, Сен туфайли шод бўламан, Нажот берганинг учун қувонаман.
[10] Бутун вужудим хитоб қилади: “Сенга ўхшаши йўқ, эй Эгам, Бечорани зўравондан қутқарасан, Фақирни талончидан қутқарасан.”
[11] Ёвуз ниятли гувоҳлар пайдо бўлади, Билмайдиган нарсаларимни мендан сўрайди.
[12] Улар яхшилигимга ёмонлик қайтаради, Ўзимни тамом ёлғиз ҳис қиламан.
[13] Улар хаста бўлганларида эса Мен қанор кийиб, рўза тутиб, қайғу чекардим. Бошимни қуйи солиб, ибодат қилардим.
[14] Дўстим, биродарим, дея ташвиш тортардим, Туққан онам учун аза тутгандай, Қайғудан бошимни эгиб юрардим.
[15] Қоқилганимда эса улар шод бўлдилар, Менга қарши йиғилишиб келдилар, Бехабар эканман, улар каллакесар экан, Тўхтовсиз менга бўҳтон қилдилар.
[16] Шаккоклардай аёвсиз масхара қилдилар, Менга қараб тишларини ғижирлатдилар.
[17] Эй Эгам, қачонгача қараб турасан? Қутқаргин мени уларнинг ҳужумидан, Халос қилгин жонимни ўша шерлардан!
[18] Буюк жамоа ичра Сенга шукур айтаман, Халқ йиғинларида Сенга ҳамдлар ўқийман.
[19] Асоссиз менга душманлик қилганлар Устимдан кулмасинлар, Мендан сабабсиз нафрат этганлар Кўзларини ўйнатмасинлар.
[20] Тинчлик сўзини оғизга олмас улар, Аммо юртда тинч яшаётганлар устидан Ёлғон сўзларни ўйлаб топарлар.
[21] Менга қарши шанғиллаб айтарлар улар: “Аҳа, кўзларимиз билан кўрдик қилмишларини.”
[22] Ўзинг кўргансан, эй Эгам, сукут сақлама! Эй Раббий, мендан ҳеч узоқлашма!
[23] Қани, бўл, ҳимоя қилгин мени, Мен учун жанг қилгин, эй Худойим, Раббим!
[24] Сен одилсан, эй Эгам Худо, Шу боис мени оқлагин. Душманларим асло устимдан кулмасин.
[25] Улар ўзларига ўзлари: “Аҳа, истаганимиз бўлди–ку!” деб айтмасин. “Уни ютиб юбордик–ку”, демасин.
[26] Кулфатларимдан завқланганларнинг ҳаммаси Шармандаю шармисор бўлсин. Мендан ўзларини юқори қўйганлар Шармандалик, бадномликка ўралсин.
[27] Мен ҳақ бўлиб чиқишимни истаганлар Хурсанд бўлсин, севинч ила куйласин. Ҳар доим айтаверсин улар: “Қулининг саодатидан ҳузурланган Эгамиз тобора юксалаверсин.”
[28] Одиллигинг ҳақидаги сўзлару мадҳинг Кун бўйи тилимдан тушмайди.