Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:42

[1] Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир, Унинг содиқ севгиси абадийдир.

[2] Шундай десин Эгамиздан нажот топганлар, У кулфатдан қутқарган одамлар.

[3] Ахир, Эгамиз уларни шарқу ғарбдан, Шимолу жанубдан тўплаган, Кўп юртлардан уларни йиғиб келган.

[4] Баъзилари чўлу биёбонда тентираб юрдилар, Яшаш учун бирон шаҳарга йўл топмадилар.

[5] Оч, ташна ҳолда қолдилар, Сал бўлмаса ўлаёздилар.

[6] Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

[7] Улар яшайдиган шаҳарга боргунга қадар, Эгамиз уларни тўғри йўлдан етаклади.

[8] Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

[9] Зотан, У қондирар ташна бўлганларни, Тўйдирар неъматлар билан очларни.

[10] Баъзилари зимзиё зулматда ўтирардилар, Асир бўлиб, кишанда азоб чекардилар.

[11] Улар Худонинг сўзларига қарши исён қилгандилар, Худойи Таолонинг йўл–йўриқларини менсимадилар.

[12] Шу боис Худо уларни оғир ишларга мажбур этди, Улар йиқилганда, ёрдам беришга бирон кимса бўлмади.

[13] Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

[14] Уларни зимзиё зулматдан олиб чиқди, Уларнинг кишанларини парча–парча қилди.

[15] Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

[16] Зотан, У бронза дарвозаларни синдирар, Темир тамбаларни иккига бўлиб ташлар.

[17] Баъзилари аҳмоқ бўлиб, итоатсизлик қилдилар, Гуноҳлари туфайли азобга дучор бўлдилар.

[18] Ҳар қандай овқатдан жирканар эдилар, Ўлим оғзига яқинлашиб қолган эдилар.

[19] Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

[20] Эгамиз гапириб, уларга шифо берди, Қабрдан уларни сақлаб қолди.

[21] Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсинлар! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсинлар!

[22] Улар шукрона қурбонлигини келтирсинлар, Унинг ишларини шодон қўшиқларда куйласинлар.

[23] Баъзилари кемаларда денгизга чиқдилар, Ваҳимали сувлар узра савдо қилдилар.

[24] Улар Эгамизнинг ишларини, Чуқур сувда Унинг мўъжизаларини кўрдилар.

[25] У амр берганда, бўрон қўзғалди, Денгиз тўлқинлари баланд кўтарилди.

[26] Кема осмонга кўтарилиб, яна чуқур сувга тушди, Фалокатдан кемадагилар бемажол бўлиб қолди.

[27] Улар маст каби довдираб айланди, Маҳоратлари фойда бермади.

[28] Кулфатда қолганларида Эгамизга нола қилдилар, Эгамиз уларни азоб–уқубатлардан қутқарди.

[29] У бўронни шабадага айлантирди, Денгиз тўлқинлари сукутга чўмди.

[30] Тўлқинлар жим бўлганидан улар севинди, Истаган бандаргоҳга уларни келтириб қўйди.

[31] Содиқ севгиси учун улар Эгамизга шукрона айтсин! Эгамизнинг инсониятга кўрсатган ажойиб ишлари учун шукур қилсин!

[32] Улар жамоа олдида Эгамизни улуғласин, Оқсоқоллар йиғинида Унга ҳамду санолар айтсин.

[33] Эгамиз дарёларни саҳрога айлантирар, Булоқларни қақраган ерга айлантирар.

[34] Аҳолисининг фосиқлиги сабабли Ҳосилдор ерларни шўр ерга айлантирар.

[35] Саҳрони эса Эгамиз кўл қилар, Қақраган ердан булоқлар чиқарар.

[36] Оч–юпунларни у ерга олиб келиб ўрнаштирар. Улар эса яшаш учун шаҳарлар қурар.

[37] Далаларга уруғ экиб, узумзорлар яратар, Далалардан мўл–кўл ҳосил олар.

[38] Эгамизнинг баракаси ила улар жуда кўпаяр, Уларнинг чорваси камайишига Эгамиз йўл қўймас.

[39] Эгамиз аслзодаларни хор қилди, Йўлсиз саҳрода уларни саргардон қилди. Зулм, кулфат, ғамдан Уларнинг сони камайди, Улар қашшоқлашди.

[41] Йўқсилларни эса Эгамиз кулфатдан қутқарар, Уларнинг оиласини қўй сурувидай кўпайтирар.

[42] Солиҳлар буни кўриб, севинар, Фосиқлар эса оғзини ёпиб, жим бўлар.

[43] Донолар буларга эътибор берсин, Эгамизнинг содиқ севгисини англасин.

Забур — Chapters