[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Солиҳлар жамоасида бўлганимда, Бутун қалбимдан Эгамга шукур айтаман.
[2] Эгамизнинг ишлари буюкдир, Улардан лаззат олувчилар улар ҳақда фикр юритадилар.
[3] Эгамизнинг ишлари улуғвор, ҳайбатлидир, Унинг адолати то абад давом этади.
[4] Эгамиз унутилмас ажойиботларни яратди, У раҳмдил ва шафқатлидир.
[5] Ўзидан қўрққанларга ризқ–рўзини беради, Ўз аҳдини доимо ёдида тутади.
[6] Халқига қудратли ишларини кўрсатди, Бошқа халқлар ерини уларга берди.
[7] Ҳамма ишларида содиқ, адолатлидир, Унинг ҳамма амрлари ишончлидир.
[8] Уларнинг ҳаммаси то абад мустаҳкам туради, Эгамиз уларни садоқат, тўғрилик ила ижро қилди.
[9] У халқини қутқарди, То абад аҳди билан уларни Ўзига боғлади. Унинг номи муқаддас, қўрқинчлидир.
[10] Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир, Бундай йўл тутганларнинг ақли расодир, Унинг ҳамду санолари то абад давом этади.