Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:50

[1] Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман, Шарманда бўлишимга асло йўл қўймагин.

[2] Адолатлисан, мени халос қил, қутқаргин, Қулоқ тут менга, нажот бергин.

[3] Менинг паноҳ қоям бўлгин, Ҳар доим Сенга бора олай. Мени қутқармоқ учун амр бердинг. Чиндан ҳам, Сен суянган қоямсан, қалъамсан.

[4] Эй Худойим, фосиқнинг қўлидан мени қутқаргин, Адолатсиз, золим одамнинг исканжасидан қутқаргин.

[5] Сен, эй Эгам Раббий, менинг умидимсан, Ёшлигимдан Сенга умид боғлаганман.

[6] Туғилганимдан буён Сенга суяндим, Онамнинг қорнидан мени олиб чиққансан, Доимо Сенга ҳамду сано айтаман.

[7] Ҳаётим кўпчиликка ўрнак бўлди, Чунки Сен менинг мустаҳкам паноҳимсан.

[8] Оғзимдан асло тушмас Сенга ҳамду санолар, Кун бўйи шуҳратингни эълон қиламан.

[9] Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин, Қувватим кетганда, мени тарк этмагин.

[10] Ахир, душманларим менга қарши тил бириктиради, Бирга фитна қилиб, мени ўлдирмоқчи бўлади.

[11] Душманларим айтар: “Худо тарк этган уни, Қувинглар, ушланглар уни, Уни қутқарадиган ҳеч кимса йўқдир.”

[12] Эй Худо, мендан узоқ кетмагин, Тез кел, эй Худойим, менга мадад бер!

[13] Мени айбловчилар шармандаликдан ерга кириб кетсин, Менга зарар етказмоқчи бўлганлар Масхара бўлсин, бадном бўлсин.

[14] Мен эса доимо Сенга умид боғлайман, Янада кўп ҳамду сано айтаман.

[15] Менга қилганларингдан ҳайратга тушдим, Адолатингни ҳар кимга ҳикоя қилавераман, Нажотингни кун бўйи сўйлайвераман.

[16] Қудратли ишларингни мадҳ қиламан, эй Эгам Раббий, Ёлғиз Сенинг одиллигингни мадҳ қиламан.

[17] Эй Худо, ёшлигимдан Сен менга таълим бергансан, Ажойиб ишларингни ҳамон айтиб юраман.

[18] Сочларим оқариб, кексайганимда, Мени тарк этмагин, эй Худо! Келгуси авлодларга кучинг ҳақида айтай, Мендан кейин келадиганларга Қудратинг ҳақида айтиб берай.

[19] Адолатинг самоларга етади, эй Худо, Буюк ишлар қилдинг Сен, Сенга ўхшаган ким бор, эй Худо?!

[20] Дучор қилдинг мени кўп кулфат, азобларга, Мени яна ҳаётга қайтарасан, Ер остидан яна мени чиқариб оласан.

[21] Шуҳратимни яна юксалтирасан, Менга яна таскин берасан.

[22] Арфа чалиб, Сенга ҳамду сано айтаман, Сенинг садоқатингни куйлайман, эй Худойим. Лира чалиб, Сени тараннум қиламан, Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси!

[23] Сени мадҳ қилиб куйлаганимда, Шодликдан ҳайқираман. Мени Сен қутқаргансан.

[24] Менга зарар етказмоқчи бўлганлар Шармандаи шармисор бўлдилар. Кун бўйи тилим адолатинг ҳақида сўйлайди.

Забур — Chapters