Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:32

[1] Худога шодлик ила ҳайқиринг, Эй ер юзидаги инсонлар!

[2] Худонинг улуғворлигини куйланг! Унга ажойиб ҳамду санолар айтинг!

[3] Худога айтинглар: “Сенинг ишларинг нақадар ғаройиб! Қудратинг буюклигидан Душманларинг олдингда титраб тиз чўкади.

[4] Бутун замин Сенга сажда қилади, Улар Сенга ҳамду сано айтади, Ҳа, Ўзингга ҳамду сано куйлайди.”

[5] Кел! Худо нима қилганини кўргин! Инсон манфаати учун қилган Ғаройиб ишларини кўргин!

[6] Худо денгизни қуруқ ерга айлантирди, Ота–боболаримиз баҳрдан юриб ўтди, У ерда қилган ишларидан, Худо туфайли биз севинамиз.

[7] Қудрати ила то абад ҳукм суради, Кўзлари халқларни кузатиб туради, Унга қарши исёнчилар қўзғалмасин.

[8] Эй халқлар, Худойимизга олқишлар айтинг, Унинг ҳамду саноси янграсин.

[9] У бизнинг ҳаётимизни сақлаган, Оёқларимизни тойиб кетишдан асраган.

[10] Эй Худо, Сен бизни синадинг, Кумушни тозалагандай бизни тозаладинг.

[11] Бизни тузоққа йўлиқтирдинг, Елкамизга оғир юк ортдинг.

[12] Араваларни бошимиз узра юргиздинг, Олов, сувлардан биз кечиб ўтдик, Фаровонликка бизни олиб келдинг.

[13] Куйдириладиган қурбонликлар билан Сенга берган онтимни адо этгани Мен Сенинг уйингга келаман.

[14] Кулфатда қолганимда онт ичган эдим, Тилим ваъда берган, оғзим сўйлаган эди.

[15] Бўрдоқиларни куйдириб, Сенга қурбонлик қиламан. Қўчқор, така, буқаларни келтираман. Қурбонликларнинг ҳиди самога етиб боради.

[16] Эй Худодан қўрққанлар, келиб эшитинглар, Мен учун У нима қилганин сўзлаб берайин.

[17] Мадад сўраб Худога ёлвордим, Унинг ҳамду саноси ҳеч тилимдан тушмади.

[18] Юрагимда гуноҳим бўлса эди, Мени асло эшитмас эди Раббий.

[19] Худо мени тинглади, Ибодат қилганимда, овозимни эшитди.

[20] Худога олқишлар бўлсин! Ибодатимни У рад қилмади, Содиқ севгисини мендан дариғ тутмади.

Забур — Chapters