Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:49

[1] Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Довуд қасидаси.

[2] Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо, Илтижоимни эътиборсиз қолдирма.

[3] Эшит мени, жавоб бер, Душманларим дағдағаси, фосиқларнинг сиқуви Бошимга ғам–кулфат келтиради. Улар ғазабланиб, мендан нафратланади. Эҳ, ўйларим қийнайди мени, Ғам–ташвишлар қаттиқ эзади.

[5] Юрагим ҳасратга тўладир, Ўлим ваҳимаси мени босиб келадир.

[6] Қўрқув, титроқ менга келмоқда, Даҳшат мени эзиб бормоқда.

[7] “Қанийди каптар каби, қанотим бўлса”, дедим, “Учиб кетиб, ором олган бўлардим.

[8] Ҳақиқатан, узоқларга учиб қутулардим, Саҳрода макон қилган бўлардим.

[9] Қутурган шамолу бўрондан қочиб, Ўзимга бошпана топгани шошилган бўлардим.”

[10] Эй Раббий, душманларимни чалғит, Уларнинг гапларини чалкаштир. Шаҳарда зўравонлик, жанжални кўриб турибман.

[11] Фосиқлар кеча–кундуз шаҳар девори устида изғийди, Ёвузлик, ваҳима шаҳар ичида юз бермоқда.

[12] Шаҳарнинг ўртасида бузғунчилик, Кўчаларидан зулм ва ҳийла аримайди.

[13] Ғанимларим мени ҳақорат қилганда эди, Бунга бардошим етган бўларди. Душманим ўзини мендан юқори қўйганда эди, Ундан яширинган бўлардим.

[14] Аммо у менинг тенгим–ку, Яқин дўстим ҳамда ҳамроҳим–ку.

[15] У билан дилкаш дўст эдик, Эй Худо, Сенинг уйингдаги йиғинда бирга юрардик.

[16] Уйлари, юраклари фосиқликка тўла бўлгани учун Ғанимларим ўлимга рўбарў бўлсин, Тириклайин ўликлар диёрига тушсин.

[17] Мен илтижо қиламан Худога, Нажот беради Эгам менга.

[18] Оқшом, саҳар ҳамда кундуз Дарду фиғонларимни айтаман. Эгам менинг овозимни эшитади.

[19] Гарчи менга қаршилар кўп бўлса ҳам, Бирорта ҳам зарар етказмай Мени жанглардан қутқаради.

[20] Азалдан тахтда ўтирган Худо Менга қулоқ тутиб, Душманларимни мағлуб қилади. Ахир, улар ўз йўлидан қайтмадилар, Худодан улар қўрқмадилар.

[21] Ҳамроҳим ўз дўстига қарши қўлини кўтарди, Мен билан қилган аҳдига у хиёнат қилди.

[22] Унинг оғзидан бол томади, Юраги эса адоватга тўла. Сўзлари мойдан ҳам ёқимли, Аслида қиндан чиққан қиличдайдир.

[23] Ташвишларингни Эгамизга топширгин, У сенга таянч бўлади. Эгамиз ҳеч қачон солиҳнинг йиқилишига йўл қўймайди.

[24] Эй Худо, фосиқларни Сен Ўликлар диёрига улоқтирасан. Қонхўр, хоин кимсалар асло Умрининг ярмисини ҳам яшамайди. Мен эса Сенга умид боғлайман.

Забур — Chapters