[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ! Нақадар лаззатли, муносиб Унга ҳамду сано айтмоқ!
[2] Эгамиз Қуддусни қайтадан қуради, Сургундагиларни Исроилга йиғади.
[3] Эзилган кўнгилларга У шифо беради, Уларнинг яраларига малҳам қўяди.
[4] Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади, Уларнинг ҳаммасига ном беради.
[5] Раббимиз буюкдир, қудрати азимдир, Унинг донолиги чексиздир.
[6] Эгамиз мазлумларни юксалтиради, Фосиқларни эса ерга уриб эзади.
[7] Эгамизга шукрона айтиб тараннум қилинг, Худойимизга атаб лирада куй чалинг.
[8] У самоларни булутлар ила қоплайди, У ерни ёмғир билан таъминлайди, Қир–адирларда ўт–ўлан ўстиради.
[9] У ҳайвонларнинг ризқ–рўзини беради, Қарға болалари қағиллаганда уларга озиқ беради.
[10] У отларнинг кучидан завқ олмайди, Сипоҳнинг кучли оёқларидан хушланмайди.
[11] Эгамиз Ўзидан қўрққанлардан хушланади, Унинг содиқ севгисига умид қилганлардан мамнун бўлади.