Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 1:59

[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамни мадҳ қил, эй жоним!

[2] Тирик эканман, Эгамга ҳамду сано айтаман, Умрим борича Худойимга ҳамду сано куйлайман.

[3] Умид боғламанг шаҳзодаларга, Нажот беролмайдиган инсон зотига.

[4] Улар жон бергач, тупроққа қайтар, Ўша ондаёқ уларнинг режаси йўққа чиқар.

[5] Ёқубнинг Худосини мададкорим, деб айтганлар бахтлидир, Ўзларининг Эгаси Худодан умид қилганлар бахтлидир.

[6] Ҳа, Ёқубнинг Худоси Осмонни, ерни ҳамда денгизни яратган. Денгизу ундаги ҳамма жонзотни У яратган, У то абад содиқ бўлиб қолади,

[7] Мазлумларга адолат қилади, Очларга У нон беради. Асирларни озод қилувчи Эгамиздир.

[8] Эгамиз кўрнинг кўзларини очади, Икки букилганларнинг қаддини ростлайди, Эгамиз солиҳларни севади.

[9] Эгамиз мусофирларни асрайди, Етим ва беваларни қўллайди, Фосиқнинг йўлларига халақит беради.

[10] Эгамиз то абад ҳукмдордир, Эй Қуддус, сенинг Худойинг насллар оша ҳукмдордир! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Забур — Chapters