[1] Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Осиф саноси.
[2] Тингла бизни, эй Исроилнинг Чўпони, Юсуф наслини қўй сурувидай етаклаб чиққан Сенсан, Карублар орасида тахт қургансан, Эфрайим, Бенямин, Манаше олдида нурингни соч. Қудратингни кўрсат, бизни қутқаргани кел.
[4] Эй Худо, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.
[5] Эй Парвардигори Олам — Эгамиз, Қачонгача ғазабланиб, ибодатимизни рад этасан?
[6] Кўз ёшлар бердинг бизга нон ўрнига, Челак тўла кўз ёшларни бизга ичирдинг.
[7] Қўшнилар биздан нафратланишига имкон бердинг, Душманларимиз бизни масхара қилмоқда.
[8] Эй Парвардигори Олам, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.
[9] Ток новдасини суғургандай, Бизни Мисрдан келтирдинг. Бегона халқларни қувиб, бизни ўтқаздинг.
[10] Биз учун тупроқ тайёрладинг, Илдиз отиб, юртни тўлдирдик.
[11] Тоғлар бизнинг соямиз билан қопланди, Баҳайбат садрлар ҳам новдаларимиз билан қопланди.
[12] Биз шохларимизни денгизгача ёйдик, Новдаларимиз Фурот дарёсигача чўзилди.
[13] Нега энди боғнинг деворларини бузиб ташладинг? Ўтган–кетганлар меваларини юлсин дебми?
[14] Ёввойи тўнғизлар уни хароб қилади, Ёввойи жониворлар ундан еб қорнини тўйғизади.
[15] Қайт яна бизга, эй Парвардигори Олам! Назар солгин, қара самодан, Бу ток новдасини қўриқлагин.
[16] Ўнг қўлинг ўтқазган илдизни, Ўзинг ўстирган новдани қўриқлагин.
[17] Ғанимларинг узум токингни қирққан эди, Узум токингни оловда ёндирган эди, Ғазабли боқишингдан улар йўқ бўлсин.
[18] Ўзинг танлаганингга, Ўзинг учун кучли қилган халққа таянч бўлгин.
[19] Шунда биз ҳеч қачон Сендан қайтмаймиз, Сенга сажда қиламиз, бизга ҳаёт ато қил.
[20] Эй Парвардигори Олам — Эгамиз, Бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.