[1] Довуд саноси. Эгамизнинг уйи бағишланган пайтда айтилган қўшиқ.
[2] Эй Эгам, Сени улуғлайман! Қабр оғзидан мени қутқардинг, Душманларим менинг устимдан кулишига йўл қўймадинг.
[3] Сендан мадад сўраб ёлвордим, эй Эгам Худо, Менга Сен бердинг шифо.
[4] Эй Эгам, ўликлар диёридан жонимни олиб чиқдинг, Қабрдан мени қутқариб қолдинг.
[5] Эй Эгамизнинг тақводорлари! Эгамизга ҳамду сано куйланглар, Унинг муқаддас номини олқишланг.
[6] Эгамизнинг ғазаби бир лаҳза давом этади, Лутфу карами бир умр тугамасдир. Шу боис қайғу–алам тун бўйи давом этса ҳам, Тонг билан бирга шодлик ҳам кириб келади.
[7] Ишларим юришганда, “Асло қоқилмасман!” дер эдим.
[8] Эй Эгам, лутфу караминг билан Мени тоғдай мустаҳкам қилгандинг. Аммо юзингни ўгирганингда, Мен даҳшатга тушдим.
[9] Эй Эгам, мен Сенга илтижо қилдим, Шафқат сўраб, эй Раббий, Сенга ёлвордим:
[10] Агар мен кириб кетсам қабрга, Менинг ўлимимдан не фойда Сенга?! Тупроқ Сенга ҳамду сано айтарми?! Сенинг содиқлигингни у сўйларми?!
[11] Эшит, эй Эгам, менга раҳм қилгин, Эй Эгам, менга мададкор бўлгин!
[12] Азамни Сен тўйга айлантирдинг, Аза либосини эгнимдан олиб ташладинг, Шодликни менга кийгиздинг.
[13] Қалбим сукут сақламай, Сени куйлаб сано ўқисин, Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман.