[1] Дард–аламга ботганда, арзини Эгамиз олдига тўккан ғарибнинг ибодати.
[2] Эшитгин ибодатимни, эй Эгам, Етиб борсин Сенга оҳу нолам.
[3] Кулфатда қолганимда мендан юз ўгирма, Менга қулоқ тутгин. Чақирганимда менга тез жавоб бергин.
[4] Умрим тутундай ўтиб кетди, Иситмадан бутун танам ёниб кетяпти.
[5] Юрагим қуриган ўтдай хазон бўлди, Бирор нарса ейишга истак йўқолди.
[6] Фарёд қилиб оҳ–нола чекаман, Шу боис этим суягимга ёпишган.
[7] Даштдаги қушга ўхшайман, Вайронадаги бойўғли кабидирман.
[8] Бедор бўлиб ётаман, Томда ёлғиз қолган қушга ўхшайман.
[9] Ғанимларим доимо мени ҳақорат қилади, Мени масхараловчилар Исмимни лаънат ўқиш учун ишлатади.
[10] Кулни нон каби емоқдаман, Ичимлигимга кўз ёшларимни қўшмоқдаман.
[11] Сенинг қаҳру ғазабинг туфайли шундай қиляпман, Ахир, мени кўтариб, бир ёнга улоқтирдинг.
[12] Оқшомги кўланкага ўхшайди умрим, Қуриган майсадай бўлиб қолдим.
[13] Сен эса, эй Эгам, то абад ўтирасан тахтингда, Насллар оша Сенинг номинг давом этар!
[14] Қўзғалиб, шафқат кўрсатасан Қуддусга, Унга марҳамат кўрсатиш вақти келди, Белгиланган вақти–соати етиб келди.
[15] Унинг тошлари ҳам Сенинг қулларинг учун қимматбаҳодир, Қуддуснинг ҳатто тупроғига ҳам меҳрибонлик қиламиз.
[16] Халқлар Эгамиздан қўрқади, Унинг шуҳратидан ер юзи шоҳлари титрайди.
[17] Зеро, Эгамиз Қуддусни барпо қилади, Ўзининг шуҳрати ила зоҳир бўлади.
[18] Йўқсилларнинг ибодатига У эътибор беради, Уларнинг илтижоларини рад этмайди.
[19] Ҳали туғилмаган халқ ҳам Эгамизга ҳамду сано айтсин, Келажак насл учун бу ёзиб қўйилсин:
[20] Асирларнинг ноласига қулоқ солай деб, Эгамиз юксакдаги муқаддас маконидан қаради. Ўлимга маҳкум бўлганларни қутқарай деб, У осмондан заминга назар ташлади.
[22] Шу боис Эгамизнинг донғи Қуддусда эълон қилинсин, Унга Сионда ҳамду сано айтилсин.
[23] Эгамизга бирга сажда қилгани Халқлару шоҳликлар йиғилади.
[24] Ҳали ёш пайтимда Эгам мени заиф қилди, Кунларимни Унинг Ўзи қисқартирди.
[25] Унга фарёд қилдим: “Эй Худойим, Ёш умримни хазон қилмагин, Барча насллар оша Сен доимо борсан.
[26] Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан, Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.
[27] Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан, Еру осмон кийим каби эскириб кетади, Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан, Ҳаммасини ташлаб юборасан.
[28] Сен эса ҳеч ўзгармассан, Сен то абад яшайсан.
[29] Қулларингнинг фарзандлари хавфсиз яшар, Уларнинг насли Сенинг ҳузурингда барқарор бўлар.”