[1] Довуд саноси. Эгамиздан мадад сўраб айтган илтижоси.
[2] Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин, Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.
[3] Ўқларинг менга санчилди, Қўлларинг устимга босиб тушди.
[4] Бутун танам хастадир ғазабингдан, Соғлигим йўқолган гуноҳларим дастидан.
[5] Айбларим мени жуда ҳам эзади, Улар жуда оғир юкка ўхшайди.
[6] Ақлсизлигим дастидан Яраларим сасиб, йиринглаб оқяпти.
[7] Жуда эгилиб, букчайиб қолдим, Кун бўйи ғамгин юраман.
[8] Ичим иситмадан оташ бўлиб ёнмоқда, Танамда биронта соғ жой йўқ.
[9] Силлам қуриб, тамом эзилдим, Юракдаги аламдан нола қиламан.
[10] Юрагим тубидаги истакларим Эй Раббий, Ўзингга равшан, Оҳу нолам Сендан яширин эмас.
[11] Юрагим титрайди, қувватим кетди, Кўзларимнинг нури адойи тамом бўлди.
[12] Дўст–ёронларим дардим туфайли олдимдан қочади, Туғишганларим асло ёнимга келмайди.
[13] Жонимга қасд қилганлар менга тузоқ қўяди, Менга ёмонлик истаганлар кулфатдан сўз очади, Кун бўйи ёлғон сўйлаб, фитна қилади.
[14] Мен эса карга ўхшайман, эшитмайман, Соқовга ўхшайман, гапира олмайман.
[15] Чиндан ҳам мен соқовга ўхшайман, Тили қотиб қолган одамдайман.
[16] Эй Эгам, умидим ёлғиз Сенсан, Эй Раббим Худо, жавоб берадиган Сенсан.
[17] Эй Эгам: “Ҳолимни кўриб, душманларим шодланмасин, Оёқларим қоқилганда, ўзларини катта тутмасин”, дея Сенга ибодат қилдим.
[18] Ўзим ҳам йиқилай деб турибман, Тинмай азоб чекаётирман.
[19] Қилган эгриликларим учун тавба қиламан, Гуноҳга қўл урганимдан пушаймонман.
[20] Ашаддий душманларим кўпдир, Сабабсиз мендан нафрат этувчилар сон–саноқсиз.
[21] Улар яхшилигимга ёмонлик ила жавоб беради, Эзгу ишларим учун мени иғво қилади.
[22] Эй Эгам, мени асло тарк этмагин, Эй Худойим, мендан узоқ кетмагин.
[23] Менга ёрдам бергани шошилгин, Эй менинг нажоткорим — Раббий!