[1] Эгамизга шукур айтинг, Унга сажда қилинг, Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.
[2] Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг, Унинг жамики ажойиб ишларини сўзлаб беринг.
[3] Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг, Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.
[4] Қудратли Эгамизга юз буринг! Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.
[5] Эй сизлар, Эгамизнинг қули Иброҳим насли, Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари, Эгамиз қилган ажойиботларини эсда тутинг, Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини унутманг.
[7] У Эгамиз Худодир, У бутун ер юзини адолатли ҳукм қилади.
[8] Ўз аҳдини У то абад ёддан чиқармас, Минглаб наслларга берган ваъдасини унутмас.
[9] Риоя қилар У Иброҳим билан қилган аҳдига, Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига.
[10] Ёқуб учун бу аҳдни бир қонун қилди, Ҳа, Исроил учун абадий бир аҳд қилди.
[11] Айтдики: “Канъон юртини сенга бераман, Уни ўзингга абадий мулк қилиб оласан.”
[12] Ўша вақтда уларнинг сони кам эди, Ҳа, жуда камчилик эдилар. Улар бу юртга келгинди эди.
[13] Кезарди бир халқ орасидан бошқасига, Бир шоҳликдан бошқа юртга.
[14] Эгамиз ҳеч кимга уларни эзишларига йўл қўймади, Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.
[15] Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар, Пайғамбарларимга зарар келтирманглар.”
[16] Канъон юрти устига Эгамиз очарчилик юборди, Битта қолдирмай егуликларга қирғин келтирди.
[17] Улардан олдин одам юборди, Ҳа, Юсуф қул каби сотилди.
[18] Унинг оёқларига занжир урилди, Бўйнидан темир ҳалқа ўтказилди.
[19] Юсуфнинг сўзлари бажо бўладиган вақт келгунча, Эгамизнинг каломи Юсуфни синади.
[20] Миср шоҳи одам юбориб, Юсуфни қутқарди, Элларнинг ҳукмдори уни озод қилди.
[21] Юсуфни шоҳ саройининг бошқарувчиси қилиб тайин этди, Жамики мулкининг ҳокими қилди.
[22] Хоҳласа саройдаги аъёнларимни занжирбанд қилсин, Маслаҳатчиларимга донолик ила ўгит берсин деб, шундай қилди.
[23] Сўнгра Исроил Мисрга келди, Ҳа, Ёқуб насли Хом юртида мусофир бўлди.
[24] Унинг халқини Эгамиз баракали қилди, Душманларига қараганда, кўпайтирди.
[25] Эгамиз Миср халқининг юракларини ўзгартирди, Улар Эгамиз халқидан нафратланди, Эгамизнинг қулларига қарши улар фитна уюштирди.
[26] Сўнгра Эгамиз қули Мусони юборди, Танлаб олган Ҳорунни бирга жўнатди.
[27] Мисрликлар орасида, ўша Хом юртида Иккаласи Эгамизнинг мўъжизаларини, ажойиботларини кўрсатди.
[28] Эгамиз зулмат юборди, Мисрни зулматга буркади, Ахир, Мисрликлар Эгамизнинг амрларига итоатсизлик қилди.
[29] Мисрнинг сувларини Эгамиз қонга айлантирди, Жамики балиқларини нобуд қилиб ташлади.
[30] Миср юрти тўлиб кетди қурбақаларга, Етиб борди ҳатто ҳукмдорларнинг уйига.
[31] Эгамиз амр берганда, сўналар галаси келди, Миср бўйлаб бургалар қайнаб кетди.
[32] Ёмғир ўрнига уларга Эгамиз дўл ёғдирди, Бутун Миср бўйлаб чақмоқ чақтирди.
[33] Узумзору анжирзорларини қуритди, Мисрдаги дарахтларни қўпориб ташлади.
[34] Эгамиз амр берганда, чигирткалар келди, Сон–саноқсиз майда чигирткалар чиқиб келди.
[35] Улар Мисрдаги бутун ўт–ўланни еб юборди, Миср ўлкасидаги ҳосилни еб битирди.
[36] Мисрдаги жамики тўнғич ўғилларни Эгамиз нобуд қилди, Ҳа, уларнинг фахри, қут–барака тимсолини йўқ қилди.
[37] Сўнг Эгамиз Ўз халқини Олтину кумушга бойитиб олиб чиқди. Исроил қабилаларининг орасида қоқилиб қолгани бўлмади.
[38] Мисрликлар Исроилдан қўрқиб, ваҳимага тушганди, Улар кетгач, Миср халқи севинди.
[39] Халқи устида ёпинчиқ бўлсин деб, Эгамиз булутни ёйди, Кечаси ёруғлик бўлсин деб, аланга берди.
[40] Исроил гўшт сўраганда Эгамиз беданалар берди, Осмондан нон ёғдириб, уларни тўйғазди.
[41] Эгамиз қояни очди, сув отилиб чиқди, Саҳро бўйлаб дарёдай сув оқди.
[42] Эгамиз Ўзининг муқаддас ваъдасини, Ўз қули Иброҳимга берган ваъдасини ёдда тутди.
[43] Шу боис халқини олиб чиқди севинч ила, Ўз танлаганларини шодлик ҳайқириқлари ила.
[44] Бегона халқларнинг юртларини уларга берди, Ўша халқларнинг бойлигини Исроил мулк қилиб олди.
[45] “Исроил халқи Менинг фармонимга риоя қилсин, Менинг қонунларимга итоат этсин”, дея Эгамиз мана шуларнинг ҳаммасини қилди. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!