Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:51

[1] Эй олам, Эгамизни тараннум этинг! Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг.

[2] Эгамизни тараннум этинг, Унга олқишлар бўлсин, Унинг берган нажотидан ҳар куни сўйланг.

[3] Эълон қилинг элатлар орасида Унинг шуҳратини, Жамики халқлар орасида Унинг ажойиботларини.

[4] Эгамиз буюкдир, кўп мақтовга лойиқдир, Жамики худолардан У иззатлидир.

[5] Зотан, халқларнинг ҳамма худолари бутлардир, Эгамиз эса самоларни яратгандир.

[6] Шуҳрату улуғворлик Унинг ҳузуридадир, Қудрату гўзаллик Унинг муқаддас масканидадир.

[7] Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй замин халқлари! Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг!

[8] Эгамизнинг шарафига санолар айтинг! Назрлар келтириб, Унинг ҳовлисига киринг!

[9] Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг! Эй замин аҳли, Унинг олдида титраб туринг!

[10] Элатлар орасида айтингки: “Эгамиз Шоҳдир! Олам мустаҳкам ўрнашган, ҳеч қачон тебранмайди, У халқларни ҳаққоний ҳукм қилар.”

[11] Самолар шод бўлсин, замин қувонсин, Денгизу ундаги ҳамма жонзот гувилласин.

[12] Далалару ундаги ҳар нарса севинч ила жўшсин, Ўрмондаги ҳамма дарахт шодликдан қўшиқ айтсин.

[13] Эгамиз олдида улар қўшиқ айтар, ана, У келаётир, Заминни бошқармоқ учун У келаётир, Оламни адолат ила У бошқарар, Халқларни Ўз ҳақиқати ила бошқарар.

Забур — Chapters