Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:13

[1] Эгамни олқишла, эй жоним. Эй Эгам Худо! Сен нақадар буюксан, Шуҳрату улуғворликка буркангансан.

[2] Ёпинчиққа ўралгандай нурга чулғангансан, Самоларни бир чодир каби ёйгансан.

[3] Осмондаги сувлар узра даргоҳингни қургансан, Булутларни жанг араваси қиласан, Шамол қанотларини миниб кетасан.

[4] Шамолларни Ўзингга хабарчилар қиласан, Ловуллаган оловни хизматкорларинг этасан.

[5] Ҳеч қачон тебранмасин дея, Сен заминнинг пойдеворини қўйгансан,

[6] Заминни либосга ўрагандай, Тубсиз сувлар ила ўраган эдинг, Ҳатто тоғлар чўққисини сувлар кўмган.

[7] Сенинг таҳдидларингдан сувлар чекинар, Сен гумбурлатган садодан улар қочар.

[8] Сувлар тоғлар устидан, водий бўйлаб оқар Сен улар учун тайин этган жойга.

[9] Бу сувлар тошмасин деб, Яна ер юзини қайта қопламасин деб, Сен чегара қўйгансан!

[10] Булоқларни тоширдинг Сен сойликлардан, Булоқлар оқиб келар тоғлар орасидан.

[11] Жамики ёввойи ҳайвонларни булоқлар суғоради, Ёввойи эшаклар ташналигини қондиради.

[12] Оқар сувлар бўйида қушлар ин қуради, Шохлар орасидан улар сайрайди.

[13] Тоғларни суғорасан юқоридаги даргоҳингдан. Замин тўла Сен ўстирган мева билан.

[14] Чорва учун Сен ўт–ўлан ўстирасан, Инсон фойдалансин деб, экинлар ўстиргансан, Егулигини тупроқдан олсин, дейсан.

[15] Сен берасан инсон кўнглини чоғ қилувчи шаробни, Юзга жило берувчи зайтун мойини, Инсон ҳаётига қувват берувчи нонни.

[16] Эй Эгам, Сенинг дарахтларинг, Ҳа, Ўзинг Лубнонда эккан садр дарахтларинг Сувга яхши қонади.

[17] Қушлар дарахтларда уя қуради, Сарв дарахтида лайлак уй қилади.

[18] Тоғ эчкиси баланд тоғларда яшар, Бўрсиқлар эса қояларда уя қурар.

[19] Вақтни белгиласин деб, ойни яратдинг, Қуёш ҳам билади қачон ботишин.

[20] Қоронғилик чўктирганингда, тун бўлар, Ўрмондаги бор ҳайвон кезгани чиқар.

[21] Шерлар ўлжа ахтариб бўкирар, Ўз ризқ–рўзини, эй Худо, Сендан излар.

[22] Қуёш чиқар, улар ортга қайтарлар, Ўзларининг инларида ётарлар.

[23] Одамлар ўз ишларига чиқарлар, Оқшомгача юмушлари ила банд бўларлар.

[24] Эй Эгам, ишларинг ғоят турли–тумандир! Ҳаммасини донолик ила яратгансан, Замин Сен яратганларинг ила тўладир.

[25] Мана, буюк, бепоён денгиз, Сон–саноқсиз яратилганлар билан тўла, Катта–кичик жониворлар бор.

[26] Кемалар денгизларда қатнайди. Сувларда ўйнасин дея, Ўша махлуқ Левитанни яратгансан.

[27] Эй Эгам! Ўз вақтида ризқимизни берсин дея, Уларнинг ҳаммаси Сенга кўз тикади.

[28] Уларга ризқини берганингда, йиғиб олади, Қўлларингни очганингда, улар еб тўяди.

[29] Юзингни яширганингда эса улар ваҳимага тушади, Жонларини олганингда, ўлиб, тупроққа қайтади.

[30] Руҳингни юборганингда улар яратилади, Ер юзига янгидан ҳаёт берасан.

[31] Эгамизнинг шуҳрати то абад давом этсин, Эгамиз Ўз яратганларидан хурсанд бўлсин.

[32] Ерга У боққанда, ер титрар, Тоғларга текканда, тоғлар тутун чиқарар.

[33] Ҳаёт эканман, Эгамни тараннум этаман, Бор эканман, Худойимга ҳамду сано куйлайман.

[34] У ҳақидаги ўйларим хуш келсин Унга, Зотан, севинаман мен Эгам туфайли.

[35] Ер юзидан йўқ бўлсин гуноҳкорлар, Бўлмасин бошқа энди фосиқлар. Эгамни олқишла, эй жоним! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

Забур — Chapters