[1] Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар” куйига айтиладиган Кўрах наслининг қўшиғи.
[2] Худо бизнинг паноҳимиз, қудратимиздир, Кулфатда қолганимизда доим мададкоримиздир.
[3] Шу боис биз қўрқмаймиз ҳеч ҳам Ер остин–устин бўлиб кетса ҳам, Денгиз бағрига тоғлар қулаб тушса ҳам.
[4] Денгизлар ўкириб, тошиб кетса ҳам, Шиддатли тўлқинлар тоғларни титратса ҳам Биз қўрқмаймиз ҳеч ҳам.
[5] Бир дарё бор, унинг сувлари Шодлик олиб келар Худо шаҳрига, Худойи Таолонинг муқаддас маконига.
[6] Шаҳарда Худо тургани учун Шаҳар қуламас асло, Тонг отганда, Худо ёрдамга келади.
[7] Халқлар алғов–далғов бўлади, Шоҳликлар қулайди. Худонинг овози гулдирайди, ер эриб кетади.
[8] Сарвари Олам биз биландир, Ёқубнинг Худоси қалъамиздир.
[9] Келинг, Эгамизнинг ишларини кўринг, Ер юзига келтирган кулфатни кўринг.
[10] Бутун оламда У жангни тўхтатади, Ёйни парчалайди, найзани синдиради, Қалқонларни оловда ёқиб, шундай дейди:
[11] “Тўхтанг, билинг, Мен Худоман, Халқлар орасида Мен юксалгайман, Ер юзида Мен юксалгайман.”
[12] Сарвари Олам биз биландир, Ёқубнинг Худоси қалъамиздир.