[1] Эй Худо! Нечун бизни то абад рад этасан?! Нечун яйловдаги қўйларингга ғазабингни сочасан?!
[2] Азалда Ўзингники қилиб олган халқингни ёдингда тут. Ўзимнинг мулким бўлсин деб, қутқарган халқингни, Ўзинг маскан қилган Сион тоғини ёдингда тут.
[3] Даҳшатли бу хароба томон қадам босиб кўр, Қара, муқаддас маскандаги борини ғаним йўқ қилди.
[4] Ғанимларинг шовқин–сурони муқаддас масканингни тўлдирди, Байроқларини улар белги қилиб ўрнатди.
[5] Ўзларини болтаси бор одамдай тутдилар, Ўрмондаги дарахт кесувчилардай тутдилар.
[6] Сўнгра болтаю болғалар билан Парчаладилар унинг ўймакор ишларини.
[7] Муқаддас масканингга ўт қўйдилар, Сен улуғланадиган маконни ҳаром қилдилар, Маъбадингни ер билан битта қилдилар.
[8] “Уларни тамомила қириб ташлаймиз”, деб ўз кўнглида айтдилар, Юртдаги барча саждагоҳларни ёқиб ташладилар.
[9] Биронта ҳам пайғамбар қолмади, Мўъжиза аломатларини топа олмаймиз. Қачонгача давом этар бу? Биронтамиз билмаймиз.
[10] Эй Худо, қачонгача ғаним Сени масхара қилар?! Сени душман то абад ҳақорат қиларми?!
[11] Нечун ўнг қўлингни ишга солмайсан?! Қўлингни қўйнингдан чиқариб, Уларни қириб ташлагин!
[12] Эй Худо, азалдан менинг Шоҳимсан, Ер юзига Сен нажот олиб келасан.
[13] Қудратинг билан денгизни бўлган Сенсан, Денгиз аждарларининг бошини мажақлагансан.
[14] Махлуқ Левитаннинг бошларини эзиб ташлагансан, Чўл жонзотларига уни емиш қилиб бергансан.
[15] Булоқлару анҳорларни очган Сенсан, Оқар дарёларни қуритган ҳам Сенсан.
[16] Кундуз Сеникидир, тун ҳам Сеники, Қуёш ва ойни бунёд этгансан.
[17] Заминнинг чегарасини Сен ўрнатгансан, Ёз ва қишни ҳам ўрнатган Сенсан.
[18] Эй Эгам, душманнинг масхаралашини, Аҳмоқ одамлар Сени ҳақоратлашини ёдингда тут.
[19] Каптарларинг ҳаётини ёввойи ҳайвонларга берма, Мазлум халқингнинг ҳаётини то абад унутма.
[20] Биз билан қилган аҳдингни эсла, Юртдаги зулмат жойлар зўравонликка тўла.
[21] Шармандаликка мазлум дучор бўлмасин, Фақиру бечора Сенга ҳамду сано айтсин.
[22] Қани, эй Худо, даъвоингни исбот қилгин, Аҳмоқлар кун бўйи Сени масхара қилишини ёдда тут.
[23] Душманларинг шовқин–сурони кўтарилаверади, Уларнинг бақир–чақириғини эътиборсиз қолдирма.