[1] Зерах уруғидан бўлган Этханнинг қасидаси.
[2] Сенинг содиқ севгингни, эй Эгам, то абад куйлайман, Барча наслларга садоқатингни ўз оғзим билан эълон қиламан.
[3] Биламан, Сенинг содиқ севгинг то абад мустаҳкамдир, Сенинг садоқатинг самолардай барқарордир.
[4] Сен шундай дединг: “Ўзим танлаганим билан аҳд қилганман. Ҳа, қулим Довудга қасамёд қилганман:
[5] «Сенинг наслингни то абад мустаҳкам қиламан, Тахтингни бутун авлодлар оша ўрнатаман.»”
[6] Ажойиботларингга, эй Эгам, самолар ҳамду сано айтсин, Муқаддас малаклар Сенинг садоқатингни куйласин.
[7] Эй Эгам, самоларда Сенга тенглашадигани бормикан?! Илоҳий зотлардан қайси бири Сенга ўхшаркан?!
[8] Эй Худо, муқаддас малаклар даврасида ҳайбатлисан, Тахтинг атрофидагиларнинг ҳаммасидан қўрқинчлисан.
[9] Эй Парвардигори Олам — Эгам, Ким Сенчалик қудратли, эй Эгам?! Садоқатинг атрофингни ўраган.
[10] Асов денгизни йўлга солгувчи Сенсан, Тўлқинлар қутурганда босгувчи Сенсан.
[11] Жасадни эзгандай махлуқ Раҳобни эздинг, Қудратли қўлинг билан ғанимларингни тарқатдинг.
[12] Самолар Сеникидир, замин ҳам Сеникидир, Оламу ундаги ҳар нарса Сеникидир, Ҳаммасини Сен мустаҳкам қургансан.
[13] Шимолу жанубни ҳам Сен яратгансан, Товур, Хермон тоғлари Сенинг номинг туфайли шодликдан куйлайди.
[14] Билагинг нақадар қудратлидир! Қўлинг кучли, ўнг қўлинг музаффардир!
[15] Адолат ва ҳаққониятдир тахтингнинг пойдевори, Олдингда юради севги ва садоқат.
[16] Бахтлидир севинч ҳайқириқларини билган халқ, Эй Эгам, ҳузуринг нурида юрган халқ бахтлидир!
[17] Сенинг номинг туфайли улар кун бўйи севинади, Сенинг адолатинг туфайли улар юксалади.
[18] Зотан, Сен уларнинг кучи, шуҳратисан, Қудратимиз юксалар Сенинг лутф–карамингдан.
[19] Эй Эгам, қалқонимизни Сен танладинг, Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси, Сен бизга шоҳимизни бердинг.
[20] Қадимда Сен тақводорларингга ваҳийда айтдингки: “Машҳур жангчига Мен куч бердим, Халқ орасидан ёш йигитни юксалтирдим.
[21] Қулим Довудни Мен топдим, Муқаддас мойимни суртиб уни танладим.
[22] Менинг қўлим доим уни қувватлайди, Билагим уни кучли қилади.
[23] Ғаним уни алдай олмайди, Золим уни қиса олмайди.
[24] Унинг кўз ўнгида душманларини эзиб ташлайман, Уни ёмон кўрганларни қириб ташлайман.
[25] Садоқатим, содиқ севгим у билан бўлади, Мен туфайли унинг қудрати юксалади.
[26] Унинг қудратини денгиз узра барқарор қиламан, Унинг ҳукмронлигини дарёлар узра ўрнатаман.
[27] У Менга айтади: «Сен Отамсан! Худойимсан, нажотим қояси Сенсан.»
[28] Мен уни тўнғич ўғил қилиб оламан, Ер юзи шоҳларининг қудратлиси қиламан.
[29] Унга бўлган чексиз севгимда то абад собит тураман, У билан қилган аҳдимни давом эттираман.
[30] Унинг наслини то абад мустаҳкам қиламан, Унинг тахти осмон тургунча туради.
[31] Борди–ю, унинг насли қонунимдан юз ўгирса, Менинг қоидаларим бўйича улар юрмасалар,
[32] Агарда фармонларимни бузсалар, Менинг амрларимга риоя этмасалар,
[33] Уларни итоатсизлиги учун хивич билан жазолайман, Гуноҳи учун уларни таёқ билан жазолайман.
[34] Довуддан эса севгимни дариғ тутмайман, Садоқатимга асло хиёнат этмайман.
[35] Мен аҳдимни бузмайман, Айтган сўзимдан асло қайтмайман.
[36] Муқаддас номим ҳақи илк ва сўнг марта онт ичдим, Довудни Мен асло алдамайман.
[37] Унинг насли то абад давом этади, Унинг тахти қаршимда қуёш каби туради.
[38] Ойга, самолардаги ўша содиқ гувоҳга ўхшаб, Тахти то абад маҳкам туради.”
[39] Энди эса, эй Эгам, Сен уни нафрат билан рад этдинг, Ўзинг шоҳ қилиб танлаганингдан ғоят ғазабландинг.
[40] Мен — Ўз қулинг билан қилган аҳдингдан қайтдинг, Унинг тожини Сен тупроққа қординг.
[41] Шаҳарларининг ҳамма деворларини қулатдинг, Қалъаларини вайронага айлантирдинг.
[42] Йўлдан ўтаётганларнинг ҳаммаси уни талади, Қўшни халқларга у масхара бўлди.
[43] Шоҳимизнинг душманларини ғолиб қилдинг, Унинг ҳамма ғанимларини севинтирдинг.
[44] Қиличининг дамини қайтардинг, Жангда унга Сен мадад бермадинг.
[45] Унинг улуғворлигига Сен чек қўйдинг, Тахтини ерга улоқтириб юбординг.
[46] Ёшлик кунларини қисқартирдинг, Уни шармандаю шармисор қилдинг.
[47] Эй Эгам, бу қачонгача давом этади? Ўзингни биздан то абад яширасанми? Қачонгача ғазабинг оташ каби ёнади?
[48] Эсингда тут, ҳаётим нақадар қисқа, Не учун инсонни беҳуда яратдинг?!
[49] Қайси инсон ўлимни кўрмас экан?! Ким ўликлар диёри чангалидан омон қолар экан?!
[50] Эй Раббий, қани олдинги буюк севгинг? Садоқатинг ила буни Довудга ваъда берган эдинг–ку!
[51] Эй Раббий, мен, қулинг, қанчалар масхара бўлганимни ёдингда тут. Ҳамма халқларнинг ҳақоратларини бағримда кўтариб юрибман–ку!
[52] Эй Эгам, душманларинг танлаган шоҳингни масхаралаганини, Унинг ҳар бир қадамини таҳқир этганларини ёдда тут!
[53] Эгамизга то абад олқишлар бўлсин! Омин! Омин!