[1] Ижрочилар раҳбарига. “Тонгда чиққан кийик” куйига айтиладиган Довуд саноси.
[2] Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?! Нега мендан узоқдасан шу қадар?! Эй Худойим! Нечун менга нажот бермайсан?! Оҳу нолаларимни эшитмайсан?!
[3] Эй Худойим, кун бўйи илтижо қиламан, Сен эса жавоб бермайсан. Тун бўйи ёлвораман, Аммо менга тинчлик йўқ.
[4] Барибир Сен Муқаддас Худосан, Исроилнинг ҳамду саноси қуршаб олган тахтингни.
[5] Ота–боболаримнинг умиди Сенда эди, Сен уларга нажот бердинг.
[6] Улар Сенга нола қилиб, нажот топдилар, Улар Сенга ишониб, уялиб қолмадилар.
[7] Ахир, мен инсон эмас, бир қуртдирман. Одамлар ҳазар қилган, халқлар нафратланган.
[8] Мени кўрган ҳар ким устимдан кулар, Мени ҳақоратлаб, бош чайқаб дерлар:
[9] “Эгангга ишон, Ўзи қутқариб олар, Эганг сендан мамнун бўлса, У нажот берар.”
[10] Онам қорнидан Сен мени чиқарган эдинг, Онам бағрида Ўзинг мени омон сақлаган эдинг.
[11] Сенга таянаман туғилганимдан буён, Менинг Худойимсан онам дунёга келтиргандан буён.
[12] Мендан узоқ бўлмагин! Ахир, кулфат ёнгинамда–ку, Менга мадад бергувчи бирон кимса йўқ!
[13] Бир гала буқалар Мени қуршаб олган, Ҳа, Башан ўлкасининг кучли буқалари Мени ўраб олган.
[14] Ўкириб ўлжасини пора қиладиган шерга ўхшаб, Мен томон улар оғизларини катта очган.
[15] Ҳаётим сув каби тўкилди, Суякларим бўғинидан бўшашди, Юрагим мум каби ичимда эриб кетди.
[16] Мадорим қуриб, сопол парчасидай бўлиб қолдим, Тилим танглайимга ёпишиб қолди, Мени ўлим тўшагига ётқиздинг.
[17] Атрофимда кўппаклар изғийди, Бадкирдорлар тўдаси мени қуршаб олгандир, Қўлу оёқларимни улар илма–тешик қилади.
[18] Ҳамма суякларим кўриниб туради, Душманларим кўзларини чақчайтириб, Еб қўйгудек бўлади.
[19] Кийимларимни улар ўзаро бўлишган, Либосим учун қуръа ташлашган.
[20] Мендан узоқ турма, эй Эгам! Кучим манбаи Сенсан! Тез кел, ёрдам бер!
[21] Жонимни қилич дамидан қутқар, Ҳаётимни кўппаклар чангалидан қутқар!
[22] Шерлар оғзидан қутқаргин мени! Ёввойи буқалар шохидан асрагин мени! Сен илтижоимга жавоб бердинг.
[23] Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман, Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.
[24] Уларга шундай дейман: “Эгамизга ҳамду сано айтинг, эй Ундан қўрққанлар! Эгамизни улуғланг, эй Ёқуб насли! Эгамизни иззатланг, эй Исроил насли!
[25] Кулфатда қолган бечорадан Эгамиз юз ўгирмади. Унинг қайғуларидан ҳазар қилмади, нафратланмади. Бечоранинг нолаларини Эгамиз эшитди.”
[26] Улуғ жамоа ичра Ҳамду сано айтишимнинг сабаби Сенсан. Сендан қўрққанлар олдида онтимни адо этаман.
[27] Эй Эгам, қашшоқлар еб тўядилар, Сенга юз бурганлар Сени мадҳ қиладилар, Улар дунё тургунча турсинлар!
[28] Эгамизни эслаб, Унга юз бурсинлар Ер юзидаги жамики инсонлар! Жамики уруғу элатлар Унга сажда қилсинлар!
[29] Эгамиз ҳокимияти мутлақдир, Элатлар устидан У ҳукмрондир.
[30] Жамики бойлар ҳам зиёфат еб, Унга таъзим қилади. Тупроқ остига кетаётганлар ҳам Унга сажда қилади, Ҳатто ўз ҳаётини сақлай олмайдиганлар таъзим қилади.
[31] Авлодлар Унга хизмат қилади, Келгуси насллар Раббий ҳақида эшитади.
[32] Улар келиб Эгамизнинг нажоти ҳақида эълон қилади, Унинг қилганларини ҳали туғилмаган халқларга айтади.