[1] Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Довуд саноси.
[2] Ўзимга ўзим шундай дейман: “Юрар йўлларимни кузатиб борай, Гуноҳ сўздан тилимни тийиб юрай, Фосиқлар ҳамон ўраб тураркан мени, Қулф уриб ёпиб олай оғзимни.”
[3] Жим турдим, сукут сақладим, Сўзлашдан бўйин товладим, Ошиб бораверди дардим.
[4] Қизиб кетаверди ичим, Ўйлаганим сари ўртанди кўнглим, Охири тилимни тия олмай ёлвордим:
[5] “Эй Эгам, умрим ниҳоясини аён қилгин, Қанча куним қолганини аён қилгин, Умрим қанча қисқалигини билайин.
[6] Елдай ўтиб кетгувчи умр бергансан, Сенинг назарингда умрим бир лаҳзадир, Ҳар кимнинг умри бир нафасдир.
[7] Ҳар кимнинг умри соядай ўтиб кетар, Инсоннинг ҳаракати беҳуда бўлар, Бойлик йиғар, лекин билмас Ким бойликка эгалик қилар.
[8] Кимдан мен умид қилай энди, ё Раббий? Сендадир менинг барча умидим.
[9] Халос қилгин мени гуноҳларимдан, Кулмасин аҳмоқлар менинг устимдан.
[10] Сукут сақлайман, оғзимни очмайман, Ахир, Сен Ўзинг мени шу аҳволга солдинг.
[11] Мендан офатларингни узоқ қилгин, Сенинг зарбаларингдан ўлай, дедим.
[12] Гуноҳлари учун инсонни жазолаб, Унга танбеҳ берасан. Куя егандай қадрли нарсаларини йўқ қиласан. Шубҳасиз, инсон бир нафасда ўтиб кетади.
[13] Эй Эгам, ибодатимни эшитгин, Нолаю фарёдимга қулоқ солгин. Кўз ёшларимга бефарқ бўлмагин. Ахир, мен Сенинг ўткинчи меҳмонингман, Оталарим каби мусофирман.
[14] Қаҳрли нигоҳингни мендан ўгиргин, Токи яна хурсанд бўлайин Бу оламдан ўтиб йўқ бўлмасимдан олдин.”