Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:38

[1] Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ.

[2] Қўзғалсин Худо, тарқалиб кетсин душманлари, Олдидан қочиб кетсин Ундан нафратланганлар.

[3] Тутунни шамол тарқатгани каби, Худо уларни ҳайдаб юборсин. Мум оловда эригани каби, Худо олдида фосиқ ҳалок бўлсин.

[4] Солиҳлар эса хурсанд бўлсин, Худо олдида шод бўлсин, Улар хурсандликка тўлиб–тошсин.

[5] Худога ҳамду санолар куйланг, Унинг номини тараннум этинг. У булутларни миниб боради, Уни улуғланг. У Эгамиздир! Ҳузурида шодланинг!

[6] У Худодир, макони муқаддасдир, Етимларнинг отаси, бевалар ҳимоячисидир.

[7] Худо ёлғизларни хонадонга жойлаштиради, Асирларни роҳатга, эркинликка олиб чиқади, Исёнкорлар эса қақраган ерга эга бўлади.

[8] Эй Худо, Ўз халқингнинг олдида борганингда, Саҳро бўйлаб юриш қилганингда, Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

[9] Сенинг ҳузурингда, эй Синай тоғининг Худоси, Сенинг олдингда, эй Исроил халқининг Худоси, Замин титради, осмон ёмғирини қуйди.

[10] Сен, эй Худо, мўл ёмғир бердинг, Толиққан ерингга қайтадан куч ато этдинг.

[11] Халқинг ўша ерда бошпана топди, Эй Худо, ҳимматингдан муҳтожларни баҳраманд қилдинг.

[12] Раббийдан амр келади, Аёлларнинг катта жамоаси хушхабарни элтади:

[13] “Шоҳлару лашкарлар шоша–пиша қочди!” Ҳа, Исроил аёллари чодирларда ўлжани бўлишиб олади!

[14] Ҳатто уйда қолганлар учун ҳам Бордир кумуш билан қопланган каптар қанотлари, Ялтироқ олтин билан қопланган каптар патлари.

[15] Қодир Худо шоҳларни тўзғитганда, Залмон тоғига қор ёққандай бўлди.

[16] Эй Башаннинг тоғи, улуғвор тоғ, Эй чўққилари кўп тоғ, Башаннинг тоғи!

[17] Эй чўққилари кўп тоғ! Худо макон қилиб танлаган тоққа Нега ҳасад билан қарайсан? Эгамиз то абад у ерда истиқомат қилади.

[18] Худонинг жанг аравалари сон–саноқсиздир, Раббий Синайдан муқаддас маконига келади.

[19] Юксакларга чиқди У, Асирларни ортидан эргаштирди. Халқлардан ҳадялар олди, Ҳатто гуноҳкор исёнчилардан ҳам туҳфалар олди. Ахир, Парвардигор Эгамиз у ерда яшайди!

[20] Раббийга олқишлар бўлсин, У ҳар куни оғирлигимизни кўтаради. Худо бизнинг нажотимиздир.

[21] Худойимиз — нажот бергувчи Худо, Эгамиз Раббий ўлимдан қутқаради.

[22] Худо шубҳасиз душманлар бошини янчади, Гуноҳ йўлидан юрган одамнинг Бош суякларини ҳам эзади.

[23] Раббий шундай дейди: “Душманларингни Башандан қайтариб келаман, Уларни денгиз тубидан олиб келаман.

[24] Оёғингни душманларинг қонига ботирасан, Итларинг ҳам душман қонини ялаб, Ўз улушини олади.”

[25] Эй Худо, зафарли карвонинг кўринмоқда! Худойим, менинг Шоҳим, Сенинг карвонинг Муқаддас маконингга бораётгани кўринмоқда!

[26] Олдинда қўшиқчилар, орқада созандалар, Уларнинг ўртасида чилдирма чалган қизлар куйлар:

[27] “Олқишлар айтинг Худога буюк жамоа ичра, Ҳамду санолар ўқинг Эгамизга, Эй Исроилнинг манбаидан пайдо бўлганлар!”

[28] Уларнинг энг кичиги — Бенямин қабиласи олдинда келади, Ортидан тўп бўлиб Яҳудо шаҳзодалари келади, Забулун, Нафтали шаҳзодалари уларга эргашади.

[29] Эй Худо, кўрсатгин қудратингни! Эй Худо, аввалгидай намоён қил кучингни!

[30] Қуддусдаги Маъбадинг ҳақи–ҳурмати Шоҳлар Сенга ҳадялар келтиради.

[31] Мисрга, қамишзор орасидаги ўша ёввойи ҳайвонга танбеҳ бер, Халқларга, ўша буқалар подасига, бузоқларига танбеҳ бергин. Сенга таъзим қилиб, кумушларини назр қилишсин. Урушдан лаззатланувчи бу халқларни тўзғитгин.

[32] Мисрдан бронза келтирилади, Ҳабашистон Сенга қўлларин чўзиб, эй Худо, Ўлпон тўлашга шошилиб қолади.

[33] Худони тараннум этинг, эй ер юзи шоҳликлари, Самолар — азалий самолар узра чиққан, Ҳайбатли овози гулдураган Раббийга ҳамду санолар куйланг.

[35] Ҳаммага эълон қилинг Худонинг қудратини, Унинг улуғворлиги Исроил устидадир, Унинг қудрати самолардадир.

[36] Худо қўрқинчлидир Ўзининг муқаддас масканида, Исроил халқининг Худоси куч–қудрат берар Ўз халқига. Худога олқишлар бўлсин!

Забур — Chapters