[1] Шукрона айтинг Эгамизга, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[2] Шукрона айтинг худоларнинг Худосига, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[3] Шукрона айтинг эгаларнинг Эгасига, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[4] Шукрона айтинг Худога, Фақатгина У буюк ажойиботлар кўрсатади. Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[5] Шукрона айтинг донолик билан самоларни яратганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[6] Шукрона айтинг сувлар узра ерни барпо қилганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[7] Шукрона айтинг улкан ёритқичларни яратганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[8] Кундузи нур сочиб турсин дея, Қуёшни яратганга шукрона айтинг. Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[9] Тун узра нур сочиб турсин дея, Юлдузлару ойни яратганга шукрона айтинг. Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[10] Шукрона айтинг Мисрнинг тўнғичларини урганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[11] Шукрона айтинг Мисрдан Исроилни олиб чиққанга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[12] Шукрона айтинг йўғон билакларию Кучли қўли ила Исроилни олиб чиққанга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[13] Шукрона айтинг Қизил денгизни иккига бўлганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[14] Шукрона айтинг Исроилни денгиз ўртасидан ўтказганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[15] Шукрона айтинг фиръавн ва унинг лашкарларини Қизил денгизга улоқтирганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[16] Шукрона айтинг Ўз халқини саҳро бўйлаб олиб ўтганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[17] Шукрона айтинг буюк шоҳларни ҳалок қилганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[18] Шукрона айтинг қудратли шоҳларни қирганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[19] Шукрона айтинг Амор халқининг шоҳи Сихўнни ўлдирганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[20] Шукрона айтинг Башан шоҳи Ўгни ўлдирганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[21] Шукрона айтинг уларнинг ерини Ўз халқига мулк қилиб берганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[22] Шукрона айтинг у ерларни Ўз қули Исроилга мулк қилиб берганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[23] Шукрона айтинг хор бўлганимизда бизни эслаганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[24] Шукрона айтинг бизни душманларимиздан қутқарганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[25] Шукрона айтинг барча жонзотларни озиқлантирадиганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[26] Шукрона айтинг Самовий Худога, Унинг содиқ севгиси абадийдир.