[1] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизнинг номига мадҳиялар бўлсин! Ҳамду сано айтинг, эй Эгамизнинг қуллари,
[2] Эй Эгамизнинг уйида хизмат қиладиганлар, Эй Эгамиз уйининг ҳовлисида хизмат қиладиганлар!
[3] Эгамизга ҳамду санолар бўлсин, У яхшидир! Тараннум этинг Уни, бу ёқимлидир.
[4] Эгамиз Ўзи учун Ёқуб наслини танлади. Ҳа, Ўзимнинг хазинам деб, Исроил халқини танлади.
[5] Ҳа, биламан, Эгамиз улуғдир, Раббимиз барча худолардан юксакдир.
[6] Осмонда ҳам, заминда ҳам, Денгизларда, жамики тубсиз сувларда Эгамиз истаганини қилади.
[7] У ернинг тўрт томонидан булутларни олиб келади, Ёмғир билан бирга чақмоқ юборади, Омборларидан шамол олиб келади.
[8] Эгамиз Мисрнинг тўнғичларини, Инсон ҳамда ҳайвонларнинг биринчи туғилганларини нобуд қилди.
[9] Фиръавн ва унинг ҳамма аъёнларига қарши Мисрнинг орасига Эгамиз аломату мўъжизаларни юборди.
[10] У кўп эллар, халқларни қирган, Қудратли шоҳларни бўғизлаган.
[11] Амор халқининг шоҳи Сихўнни, Башан шоҳи Ўгни Ҳамда Канъоннинг барча шоҳларини қирган.
[12] Уларнинг ерини Исроил халқига мулк қилиб берди.
[13] Эгамизнинг номи то абад давом этар, Эгамизнинг шуҳрати насллар оша давом этар.
[14] Эгамиз Ўз халқига адолат қилади, Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.
[15] Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан, Инсон қўлларининг маҳсулидир.
[16] Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар, Кўзлари бор, кўра олмаслар.
[17] Қулоқлари бор уларнинг, эшита олмас, Улар асло нафас ололмас.
[18] Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.
[19] Эй Исроил халқи, олқишлар айтинг Эгамизга! Эй Ҳорун хонадони, мадҳиялар айтинг Эгамизга!
[20] Эй Леви хонадони, олқишлар айтинг Эгамизга! Эй Эгамиздан қўрққанлар, мадҳиялар айтинг Унга!
[21] Қуддусда истиқомат қиладиган Эгамизга Сионда олқишлар айтинг! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!