Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:37

[1] Тинглагин, эй Эгам, жавоб бер менга, Мен муҳтож ҳамда йўқсилман.

[2] Тақводорман, жонимни асрагин, Сенга умид қиламан, мен, қулингни қутқаргин. Сен менинг Худойимсан.

[3] Шафқат қилгин менга, эй Раббий, Кун бўйи Сенга илтижо қилмоқдаман.

[4] Мен, қулингга шодлик бахш этгин, Эй Раббий, мен Сенга юрагимни очаман.

[5] Сен, эй Раббий, яхшисан, кечиримлисан, Сенга илтижо қилганларга Содиқ севгингни кўрсатасан.

[6] Ибодатимга қулоқ сол, эй Эгам, Шафқат сўраб қилган илтижоимга диққат қил.

[7] Оғир кунда Сенга илтижо қиламан, Илтижоларимга Сен жавоб берасан.

[8] Эй Раббий, худолар орасида Ҳеч қайсиси Сенга ўхшамайди, Биронта буюк ишни Сеники билан қиёслаб бўлмайди.

[9] Жамики халқларни Сен яратгансан, Эй Раббий, улар келиб, Сенга таъзим қилади, Номингга шуҳрат келтиради.

[10] Зеро, Сен буюксан, мўъжизалар кўрсатасан, Сен танҳо Худосан.

[11] Йўлингни менга кўрсат, эй Эгам, Токи тўғри сўқмоқларингдан юрай, Менга собит қалб бергин, Мен Сендан қўрқайин.

[12] Эй Раббим Худо, бутун юрагим ила Сенга шукур айтаман! То абад Сенинг номингни улуғлайман.

[13] Менга бўлган содиқ севгинг ғоят буюкдир, Ўликлар диёридан жонимни қутқаргансан.

[14] Эй Худо, такаббурлар менга ҳужум қилмоқда, Зўравонлар тўдаси жоним пайига тушган. Улар Сенга асло эътибор бермайди.

[15] Сен, эй Раббий, раҳмдил ва иноятли, Жаҳли тез чиқмайдиган Худосан, Севгинг ва садоқатинг мўлдир.

[16] Ҳолимга боқ, меҳр–шафқат қил, Мен қулингман, Ўз чўрингнинг ўғлиман. Менга қудратингдан ато қил, Мени қутқаргин.

[17] Марҳаматинг аломатини менга кўрсатгин, Токи ғанимларим буни кўриб, шарманда бўлсин. Мени қўллаб, тасалли бергансан, эй Эгам.

Забур — Chapters