Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:13

[1] Худо одами Мусонинг ибодати.

[2] Эй Раббий, насллар оша Сен паноҳимиз бўлган эдинг.

[3] Тоғлар ҳали пайдо бўлмасдан олдин, Еру оламни яратмасингдан олдин, Абадулабад Сен Худосан.

[4] Сен инсонни тупроққа қайтарасан, “Қайтинглар тупроққа, эй бандалар”, деб айтасан.

[5] Минг йил Сенинг назарингда бир кундайдир, Қисқа бир тун вақтидайдир.

[6] Сен одамларни супуриб ташлайсан, Улар гўё тушга ўхшайди. Улар тонгда унган янги майса кабидир. Тонгда майса янгидан ўсиб чиқса ҳам Оқшомда сўлиб, хазон бўлади.

[7] Сенинг ғазабингдан адойи тамом бўлдик, Қаҳрингдан биз ваҳимага тушдик.

[8] Гуноҳларимизни Сен олдингга келтирдинг, Яширин гуноҳларимизни нурларинг ёритиб туради.

[9] Кунларимиз Сенинг ғазабинг остида ўтади, Йилларимиз бир оҳ каби, тез ниҳоясига етади.

[10] Кунларимиз етмиш йил экан, Агар бардам бўлсак, саксон йил экан. Энг ажойиб йиллар заҳмат, жафо билан кечаркан, Умримиз тез ўтар, ўзимиз учиб кетармиз.

[11] Сенинг ғазабинг қудратини ким била олар?! Қаҳринг, Ўзингга лойиқ қўрқув каби буюкдир.

[12] Умримиз кунларини санашни бизга ўргатгин, Токи биз доно қалбга эга бўлайлик.

[13] Кел, эй Эгам! Қачонгача кутамиз?! Ўз қулларингга шафқат қилгин!

[14] Саҳарда содиқ севгинг билан бизни қондиргин, Умримиз бўйи қўшиқ айтиб, хурсанд бўлайлик.

[15] Кулфатлар кўрдик кўп кунлар, Бизни қайғуга гирифтор қилдинг қанча йиллар, Ўша кунлар эвазига бизни хурсанд қил.

[16] Биз, Ўз қулларингга қудратли ишларингни кўрсатгин, Бизнинг наслимиз улуғворлигингни кўрсин.

[17] Эй Раббимиз Худо, лутф–караминг бизга ёр бўлсин, Қилган ишимиз бароридан келсин, Ҳа, ишларимизга барака бергин!

Забур — Chapters