[1] Эй Эгам, ҳақли даъвоимни эшит, Фарёдимга эътибор бер. Ҳийласиз оғзимдан чиққан Ибодатимга қулоқ тут.
[2] Бегуноҳлигимни кўрсатгин Сен, Адолатни кўрсин кўзларинг.
[3] Ҳатто юрагимни тафтиш қилиб, Тунда мени синаб кўрсанг, Агар мени имтиҳон қилсанг, Ёмон ниятни менда топа олмасдинг. Оғзим гуноҳ қилмас, қарорим шудир.
[4] Инсонлар қилмишини мен қилмадим, Сенинг амрингга мен итоат этдим, Зўравоннинг йўлларидан ўзимни сақладим.
[5] Қадамларим сўқмоқларингда собит бўлди, Оёқларим ҳеч қачон тойиб кетмади.
[6] Сенга илтижо қиламан, эй Худо, Биламан, Сен менга жавоб берасан. Менга қулоқ тутиб, сўзларимни эшитгин.
[7] Содиқлигингни зоҳир эт ажойиб ишлар ила. Рақиблардан қочиб Сенга борганларга Ўнг қўлинг билан нажот бергувчи Сенсан.
[8] Мени кўзларинг қорачиғидай асрагин, Мени қанотларинг соясида яширгин,
[9] Мени талайдиган фосиқлардан асрагин, Атрофимда шай турган ашаддий ёвларимдан яширгин.
[10] Уларнинг юрагида шафқатга жой йўқ, Оғизлари билан киборларча гапиради.
[11] Улар мени таъқиб қилиб, ўраб олганлар, Ерга урмоқ учун менга кўзларини тикади.
[12] Душманларим мени ғажимоқчи бўлган шерга ўхшайди, Пана жойда писиб ётган йиртқич шерга ўхшайди.
[13] Кел, эй Эгам! Уларга қарши юз бур, Тиз чўктиргин уларни! Қиличинг ила фосиқлардан қутқаргин мени!
[14] Эй Эгам! Қудратинг ила Мени бундай инсонлардан қутқаргин, Уларнинг насибаси фақатгина бу дунёдадир. Тайёрлаб қўйган аччиқ кўргиликларинг билан Уларни тўйдиргин, Ҳатто болаларига ҳам етсин, Набиралари ҳам тотиб кўрсин.
[15] Солиҳ бўлганим учун мен Сени кўргайман, Уйғониб, жамолингни кўрганимдан рози бўлгайман.