Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:40

[1] Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Осиф саноси.

[2] Фарёд қилиб, Худога ёлвораман, Эшитгин мени, деб Худога ҳайқираман.

[3] Қайғули кунимда Раббийга интилдим, Тунда қўлларимни кўтариб илтижо қилдим, Жоним тасалли топишни рад этди.

[4] Эй Худо, Сени ўйлаганимда, Фиғон чекаман, руҳим заифлашади.

[5] Тун бўйи Сен мени бедор қилдинг, Сўзлай олмайман азобланганимдан.

[6] Олдинги кунлар ҳақида ўйлаб юрдим, Эски даврларни эслаб юрдим.

[7] Тун бўйи ўзим билан ўзим суҳбат қурдим, Қалбим хаёлга берилиб, руҳим сўраб–суриштирди:

[8] “Раббий то абад бизни рад этармикан? Ҳеч қачон шафқат кўрсатмасмикан?

[9] Унинг содиқ севгиси то абад йўқолганми? Унинг ваъдалари бир умрга тамом бўлганми?

[10] Худо шафқатли бўлишни унутиб қўйдими? Раҳмдиллик ўрнини ғазаб эгалладими?”

[11] Ўзимга ўзим дедим: “Худойи Таоло ўнг қўли орқали Энди бизга ёрдам бермаяпти. Бу менинг кулфатимдир.”

[12] Эй Эгам, ишларингни мен ёдга оламан, Азалий мўъжизаларингни эсга оламан.

[13] Ҳамма ишларингни хаёлимдан ўтказаман, Қудратли ишларинг ҳақида фикр юритаман.

[14] Сенинг йўлинг, эй Худо, муқаддасдир, Қайси худо Сендай буюкдир?!

[15] Мўъжизалар яратувчи Худо Сенсан, Халқлар орасида қудратингни кўрсатган Сенсан.

[16] Қудратинг билан Ўз халқингни, Ёқуб ҳамда Юсуф наслларини қутқаргансан.

[17] Эй Худо, сувлар Сени кўрганда, Ҳа, сувлар Сени кўрганда, қўрқиб кетдилар, Тубсиз денгизлар ларзага келди!

[18] Булутлар ёмғирин қуйди, Самолар гумбурлаб янгради, Ўқларинг ҳар томонда Ялт этиб пайдо бўлди.

[19] Гумбур–гумбур эшитилди қуюн ичида, Чақмоқларинг оламни ёритди, Замин титраб, тебранди.

[20] Йўлинг денгиз орқали ўтди, Сўқмоғинг баҳайбат сувлардан ўтди, Изларинг эса кўринмас эди.

[21] Халқингни қўй сурувидай етаклаб бординг, Мусо, Ҳорунни раҳнамо қилиб танладинг.

Забур — Chapters