Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:57

[1] Ижрочилар раҳбарига. Шоул Довудни ўлдириш учун унинг уйини кузатишга киши юборгандан кейин, Довуднинг айтган қўшиғи. “Хароб этма” куйига айтилади.

[2] Ғанимларимдан мени қутқар, эй Худойим, Менга қарши турганлардан ҳимоя қил мени.

[3] Бадкирдорлардан қутқаргин мени, Қонхўрлардан сақлагин мени.

[4] Қара, улар мени пойлаб ётарлар, Золимлар менга қарши фитна қиларлар, Гарчи айбу гуноҳим бўлмаса–да, эй Эгам,

[5] Гарчи мен ҳақсизлик қилмасам–да, Улар менга қарши ҳужум қилмоққа тайёр. Қўзғал Ўзинг, аҳволимни кўр, кел ёрдамга.

[6] Эй Исроил халқининг Худоси, Эй Парвардигори Олам — Эгам, Қани, бўл, барча халқларни жазолагин, Ёвуз сотқинларга шафқат қилмагин.

[7] Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади, Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.

[8] Қара, оғизларидан қусуқ чиқади, Тилларидан заҳар сўзлар чиқади, “Ким ҳам бизни эшитарди”, дея ўйлайди.

[9] Улар устидан Сен куласан, эй Эгам, Ҳамма халқларни Сен масхаралайсан.

[10] Сенга интизорман, эй Қудратим, Сен менинг қалъамсан, эй Худо!

[11] Содиқ севгинг ила, эй Худойим, менга мадад берасан, Кўзларимга душманларим мағлубиятини кўрсатасан.

[12] Уларни ўлдирма, халқим бу сабоқни унутиб қўяр, Қудратинг билан уларни титрат, Эй қалқоним Раббий, уларни кўтариб ур.

[13] Уларнинг оғзидан чиққан гуноҳлар учун, Лабларидан чиққан сўзлар учун Ўзларининг такаббурлиги орқали илинсин. Улар айтадиган лаънат, ёлғон учун

[14] Ғазабинг ила уларни йўқ қилгин, Битта ҳам қолдирмай қириб ташлагин. Шунда эй Худо, Ёқуб насли устидан ҳукмрон эканлигинг Ернинг тўрт томонида маълум бўлади.

[15] Ғанимларим ҳар куни оқшомда қайтиб келади, Итлардай увиллаб, шаҳар изғийди.

[16] Овқат излаб, дайдиб юради, Агар тўймасалар, ириллайди.

[17] Мен эса Сенинг қудратингни тараннум этаман, Содиқ севгингни тонгда севинч ила куйлайман. Сен менинг қалъам бўлгансан, Кулфатда қолганимда паноҳимсан.

[18] Эй Қудратим, Сени куйлаб мадҳ қиламан, Сен, эй Худо, менинг қалъамсан, Содиқ севгисини кўрсатувчи Худосан.

Забур — Chapters