[1] Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг муқаддас номини олқишла, эй вужудим!
[2] Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг қилган ҳамма яхшиликларини унутмагин!
[3] Ҳамма гуноҳларимни У кечиради, Барча хасталикларимга У шифо беради.
[4] Мени қабрдан У қутқаради, Севги, шафқат ила менга тож кийгизади.
[5] Ҳаётимни неъмат ила У қондиради, Ёшлигим бургутнинг кучидай янгиланади.
[6] Эгамиз тўғри иш қилади, Мазлумларга адолат қилади.
[7] Ўз йўлларини У Мусога маълум қилган, Ишларини Исроил халқига намоён этган.
[8] Эгамиз раҳмдил, иноятлидир, Жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир.
[9] У доимо бизни айбламайди, Ёки то абад ғазабини сочмайди.
[10] Бизни У гуноҳларимизга қараб жазоламас, Ёмонликларимизга қараб қайтармас.
[11] Самолар заминдан нақадар баланддир! Эгамизнинг содиқ севгиси ҳам Ундан қўрққанларга шундай юксакдир!
[12] Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, Гуноҳларимизни биздан шу қадар узоқ қилади.
[13] Ота болаларига шафқат қилгандай, Эгамиз Ўзидан қўрққанларга раҳм қилади.
[14] Биз қандай ясалганимизни У билади, Биз тупроқ эканимизни У ёдида тутади.
[15] Инсонмиз, майсага ўхшар умримиз, Дашт гулига ўхшаб гуллаймиз.
[16] Шамол эсар, майса йўқ бўлар, Уни ўз жойи эсламай қўяр.
[17] Аммо Эгамизнинг содиқ севгиси Абадулабад Ундан қўрққанлар билан биргадир! Унинг содиқлиги эса уларнинг наслига ўтади.
[18] Ҳа, Эгамиз содиқ қолади Унинг аҳдига риоя қилганларга, Унинг амрларига садоқат ила итоат этганларга.
[19] Эгамиз тахтини ўрнатгандир самода, Унинг шоҳлиги ҳукмрондир ҳамма ерда.
[20] Эгамизни олқишланг, эй Унинг фаришталари, Унинг амрини ижро қилувчи баҳодирлар, Унинг сўзларига итоат этувчилар!
[21] Эй Эгамизнинг самовий лашкарлари! Унинг иродасини ижро этувчи хизматкорлари! Эгамизни олқишланг!
[22] Эй Эгамиз яратганларнинг ҳаммаси! У ҳукмрон бўлган ҳар бир жойда Уни олқишланглар! Эй жоним! Эгамизни олқишла!